Жаҳон | 16:05 / 13.03.2021
7945
2 дақиқада ўқилади

Tesla инвестори Маскни «миллиардлаб доллар» зарар етказган твитлари учун судга берди

Даъвогарнинг таъкидлашича, Tesla директорлар кенгаши Илон Маскнинг интернетдаги ҳаракатларини жиловлай олмаган ва у «кенгаш маъқулламасдан туриб твитларини эълон қилишда давом этган».

Фото: Getty Images

Tesla инвестори Чейз Гэррити компания директорлар кенгаши ва унинг асосчиси ҳамда раҳбари Илон Маскни судга берди. Бу ҳақда Bloomberg Law хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, даъво Маскнинг Twitter тармоғидаги «тартибсиз» твитлари Tesla компаниясига «миллиардлаб долларлик» зарар етказгани учун киритилган. 

Даъвогарнинг таъкидлашича, Tesla директорлар кенгаши Илон Маскнинг интернетдаги ҳаракатларини жиловлай олмаган ва у «кенгаш маъқулламасдан туриб твитларини эълон қилишда давом этган».

«Маскнинг назоратсиз твитлари компаниянинг молиявий қобилиятига жиддий таъсир кўрсатади», дейилади даъво аризасида.

 Гэррити мисол сифатида Маскнинг 2020 йил 1 майда ёзган твитини келтирган. Ўшанда миллиардер бозор унинг компанияси акцияларини аслидагидан ортиқ нархга баҳолаётганини ёзганди. Ушбу твитдан сўнг Tesla акциялари нархи 10 фоиздан ортиқроққа тушиб кетган.

Март ойида АҚШнинг 30 мингдан ортиқ аҳолиси орасида сўров ўтказган Piplsay компанияси кўплаб инвесторлар Илон Маскнинг твитлари асосида иш кўришларини маълум қилганди. Сўровда қатнашганларнинг 37 фоизи Tesla раҳбарининг твитларига асосланиб маблағ киритганини айтган. Уларнинг 21 фоизи буни бир ёки икки марта, 16 фоизи эса бир неча марта амалга оширган.

Мавзуга оид