Илон Маскнинг ракета ва сунъий йўлдош ишлаб чиқарувчи SpaceX компанияси дунёдаги энг йирик фонд бозори дебютига айланиш учун ўзининг бирламчи оммавий жойлаштириш нархини расман якунлади.
Пайшанба куни SpaceX компанияси IPO нархи бир акция учун 135 доллар этиб белгиланганини ва 555 миллион 555 минг 555 дона акцияларини сотишини тасдиқлади. Бу SpaceX ўз таклифидан қарийб 75 миллиард доллар жалб қилишини англатади. New York Times'нинг ёзишича, бунинг ортидан компаниянинг бозор қиймати 1,77 триллион долларга етади.
SpaceX оммавий савдоларни SPCX белгиси остида – 12 июндан (Ню-Йорк вақти билан) бошлайди.
Ушбу кўрсаткичлар билан SpaceX аввалроқ Saudi Aramco томонидан ўрнатилган IPO рекордини бутунлай янгилайди. Саудларнинг давлат нефть компанияси 2019 йилда биржага чиққанида 1,7 триллион долларга баҳоланган ва 29 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилган эди.
Акциялар сотилишидан олдин Forbes Маскнинг соф бойлигини қарийб 780 миллиард долларга баҳолаганди. Бу рўйхатда ундан кейинги ўринда турган Alphabet ҳаммуассиси Ларри Пейждан анча олдинда демакдир.
«Дунёдаги иккинчи энг бой одамнинг бойлиги 300 миллиард доллар атрофида айланмоқда. Яъни бу Маскнинг эртага эга бўлиши мумкин бўлган потенциал бойлигининг учдан бир қисмидан ҳам камроқ демакдир», деди Forbes Wealth таҳририяти раҳбари ўринбосари Метт Дурот. «Ва фақат яна бир киши, Ларри Эллисоннинг (Oracle асосчиси) бойлиги қачонлардир 400 миллиард долларга етган».
Долларда илк триллионер
Маск бойлигининг катта қисми ҳозирда SpaceX ҳисобига тўғри келади. Илон у ерда қарийб 866 миллиард долларлик улушга эга.
Компания ҳужжатларига асосланган Reuters ҳисоб-китобларига кўра, Тесла ва унинг қолган барча мулклари билан биргаликда, жума куни акциялар савдоси бошланганда унинг соф бойлиги 1,1 триллион доллардан ошади. Бу ҳисоб-китоб вақт ўтиши билан кучга кирадиган акция компонентларини ҳам ўз ичига олади.










