13:13 / 14.03.2021
17557

Имконияти чекланмаганлар учун ибрат. Наманганлик Хурсанали Ниёзовнинг иссиқхонасида

Тўрақўрғонлик Xурсанали Ниёзов, иккинчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, 6 сотихлик иссиқхонада қулупнай, помидор ва узум етиштиряпти. Деҳқон парваришлаётган қулупнайлар март ойи охирида аҳоли дастурхонига етиб боради.

Тўрақўрғон туманининг Файзиобод маҳалласида яшовчи Хурсанали Ниёзов 46 ёшда. У болаликдан иккинчи гуруҳ ногирони. Шунга қарамай, меҳнаткашлиги билан ҳамқишлоқларининг ҳурматини қозонган.

Қаҳрамонимиз 6 йилдан буён иссиқхонада меҳнат қилади. Асосий даромади ҳам шу деҳқончиликдан.

«Мозоркўҳналик танишим Илҳомжон Самиевнинг помидор етиштиришига қизиқиб, 6 йил бурун 3 сотих майдонга иссиқхона ташкилладим. Дастлаб иссиқхонамиз оддий ёғочдан ясалган эди, унга помидор экдим, майдон четларига Ризамат ота навли узум қаламчаларини ўтқаздим. Биринчи йилиёқ даромадим яхши бўлди, шунга қизиқиб янгиликлар қила бошладим.

Икки йил ўтгач, иссиқхонани темирдан мустаҳкамлаб, иситиш тизимини ҳам яхшиладим, экин майдонини кенгайтирдим. Мана энди шу деҳқончилик ортидан рўзғор тебратяпмиз», – дейди Хурсанали Ниёзов.

Хурсанали ака зироатчилик борасида шогирдлар ҳам етиштиряпти. У шу ҳудуддаги ўнлаб иссиқхоналарнинг эгаларига устозлик қилган. Шу билан, изланишларини ҳам давом эттиради.

«Ўзим ҳам ҳалигача шогирдман, деҳқончилик сирларини ўрганаман, иссиқхонада янги маҳсулотлар етиштиришга ҳаракат қиламан. Мана, ўтган йили Кореядан келтирилган, йилига икки марта ҳосил берадиган қулупнай кўчатларини парваришладим, ҳосил яхши бўлди, 20 миллион сўм даромад қилдим. Бу мавсумда 30 миллионга етади, Худо хоҳласа».

Қаҳрамонимиз оиласи кўмаги билан соғлигидаги муаммодан сиқилмайди. Унинг икки фарзанди бор. Ўғли 11-синф, қизи 9-синфда ўқийди. Улар ҳам дарсдан бўш пайтида отасига кўмаклашади.

«Фарзандларимнинг келажаги учун ҳам меҳнатдан қочмайман. Уларнинг ўқимишли, эл корига ярайдиган инсон бўлишини истайман. Қизим инглиз тили ўқитувчиси, ўғлим дастурчи бўлиш ниятида», – дейди у.

Раҳима хола ўғлининг имконияти чекланган бўлишига қарамай, одамлар корига яраётганидан хурсандлигини айтади.

«Олдинига роса қаршилик қилдим, қилма, ўзингга қара деб. Барибир қизиқиб ҳаракат қилди. Уни авайлаганим сари ўзи тинмайди, ҳаракатчан. Бир томондан хурсанд ҳам бўламан. Мана, болалари ҳам катта бўляпти, ўқишга ҳаракат қиляпти, улар учун ҳам пул топмаса бўлмайди. Биз чол-кампирнинг нафақаси нимага ҳам етарди?» – дейди у.

Эътиборлиси, қаҳрамонимиз 6 сотих майдонда 18 сотихли жойда етиштириладиган маҳсулотларни парваришламоқда. Бу ерда бир вақтнинг ўзида помидор, қулупнай ва узум етиштириляпти.

Хурсанали аканинг айтишича, қулупнай март ойи охирларига харидорларга етказилади, узум эса одатдаги узумлардан бир ой аввал пишиб етилади. Иссиқхонада рўзғор учун булғор қалампири, редиска ва бодринг ҳам бор.

«Қора қозон учун зарур ҳамма маҳсулот: картошка, пиёз, сабзи деганларидай, ўзимиздан чиқади», – дейди Раҳима хола.

«Ҳар бир ишнинг қийинчилиги бор, ўзидан ўзи бўлмайди. Кечаси билан кўмир ёқиб чиқиш керак. Айниқса, мен учун анча қийин, чунки мен бир кунда қиладиган ишни соғлом одам 2 соатда бажариб қўяди. Лекин мен шунақа ногиронман, деб ётган билан бўлмайди», – дейди Хурсанали ака.

Қаҳрамонимизнинг ғайрати, иссиқхонани яшнатиб қўйганига ҳавас қилса арзийди. У соғлом бўла туриб боқимандалик кайфиятига тушиб қолган инсонларга ибрат бўла олади.

Юлдуз Юлдашева

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top