Ўзбекистон | 19:44 / 15.03.2021
3993
2 дақиқада ўқилади

«Бинолар қулаб тушмаслиги учун». ИҲҲҚЖФ қурилиш майдонларида қонун талабларига риоя қилинишини назорат қилади

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда қурилиш майдонларида техник ва лойиҳа талабларига қанчалик амал қилинаётгани юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Федерация ижрочи директори Иномжон Тоғаев Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда шу ҳақда маълум қилди. Эътиборли томони шундаки, федерация бевосита хусусий секторда қурилаётган бино ва иншоотлар сифатини ҳам назорат қила олади.

 «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Қурилиш вазирлиги ўртасида меморандум имзоланди. Унга биноан, эндиликда, давлат ва хусусий сектор субъектлари томонидан барпо қилинаётган қурилиш иншоотларининг сифати, хавфсизлиги, шунингдек, уларда белгиланган техник қоидаларга риоя қилинишида жамоатчилик назоратини Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борамиз», - деди Иномжон Тоғаев.

Иномжон Тоғаев

 Бундан ташқари, ҳокимликлар томонидан амалга ошириладиган «снослар» мавзуси ҳам назоратда бўлади. Федерация ва Қурилиш вазирлиги ишчи гуруҳи маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга ошириладиган «снос» ишларида қонунчилик талабларига риоя қилинишини ўрганиб боради.

 «Ижтимоий тармоқларда қурилиш ва бузишлар билан боғлиқ кўплаб эътирозларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Жиззахдаги воқеа, мисол учун. Қурилиш вазирлигида (қурилиш қилаётган) хусусий сектор – яъни тадбиркорларни тўғридан тўғри текшириш ваколати берилмаган. Лекин, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун бор.

 Ахир қурилаётган уйларда, ижтимоий соҳа объектларида фуқаролар яшайди, ишлайди. Худо кўрсатмасин, соҳа вакили қурмаса, эртага у бинода нимадир бўлса, инсонлар тақдири ётибди. Шу боис, бу мониторинг натижалари ОАВ орқали ёритиб борилади», - деди Федерация ижрочи директори.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид