Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбар ва масъул ходимлари, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Британия кенгаши вакиллари, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули ҳамда Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) профессорлари қатнашди. Анжуманда икки томон таълим дастури бўйича ўзаро фикр алмашди.


Айтилганидек, ушбу қўшма таълим дастурига 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб бухгалтерия ҳисоби ва молия, иқтисодиёт, банк иши ва молия бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул амалга оширилади.
Дастурнинг ўзига хослиги шундан иборатки, битирувчилар Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Лондон университети (University of London) дипломини қўлга киритишади. Ўқитиш жараёни тўлиқ инглиз тилида бўлиб, ўқув материаллари ва якуний назорат синовлари Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) томонидан тайёрланади ва баҳоланади. Бу эса ўқиш жараёнида шаффофлик ва таълим сифатини таъминлайди.
Қўшма таълим дастури фаолиятини йўлга қўйиш учун Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 4 босқичдан иборат муҳим жараён муваффақиятли амалга оширилди. Бу ҳақда ТДИУ хорижий маслаҳатчиси ва эксперти Ҳамид Эргашев батафсил маълумот берди:

“Биринчи босқичда ТДИУ ўқитувчи-профессорлар анкеталари тайёрланди, ўқув жараёнлари қандай ташкил этилгани ҳақида маълумотларни Лондон университети (University of London) раҳбариятига тақдим этдик. Уларнинг илмий кенгаши фаолиятимизни ўрганиб чиқди. Иккинчи босқичда Лондон университети (University of London) томонидан университетимизда қандай профессорлар дарс бераётгани, уларнинг салоҳияти, қўшма дастур асосида таълим беришга имконияти етадими, ТДИУ бунга шароит яратиб бероладими, деган саволларга жавоб олинди.











