Жамият | 15:01 / 16.03.2021
8037
3 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳар ҳокимлигида ишловчи шахс фирибгарлик қилиб эҳтиёжманд аёллардан 1000 доллар олгани аниқланди

Фото: РИА Новости

Қарши шаҳар ҳокимлигида жамоатчилик асосида ишловчи шахс икки нафар аёлдан кам таъминланган фуқароларга имтиёз асосида бериладиган уй-жойдан олишда ёрдам беришини айтиб, уларнинг ҳар биридан 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 4 феврал куни 26 ёшли Рустам М. Қарши шаҳар ҳокимлиги биносида 46 ёшли Дилафруз Б. ва 37 ёшли Дилафруз А.га ўзини ҳокимликнинг мурожаатлар бўлими ходими деб таништирган. Сўнг, аёлларга келгусида бошланғич тўлови тўланмайдиган кам таъминланган фуқароларга имтиёз асосида бериладиган уй-жойлар олишда ёрдам беришини ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан рўйхатга олинганлари учун давлат божи сифатида деб алдов йўли билан 500 АҚШ долларидан жами 1000 доллар пул маблағларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, Рустам М. ҳеч қаерда ишламаганлиги сабаб, шаҳар ҳокимлигида жамоат ишларида ёрдам бериши мақсадида жалб қилиниб, иш ўргатилаётганлиги, мурожаатлар бўлимига келган фуқароларнинг энг нозик муаммоларини билиб олиб осон пул топиш мақсадида ушбу жиноятни содир қилганлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Рустам М.га нисбатан жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Маълумот учун, 2019 йил 28 ноябрда «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинган. Унда кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган. 2020 йил 25 мартда Вазирлар Маҳкамасининг 182-сонли қарори билан айрим шахсларга уй-жой сотиб олишда (ипотека кредитлари тўлови учун) субсидиялар тўлаш тартиби белгиланган.

Мавзуга оид