12:23 / 17.03.2021
3396

ХТВ ҳузуридаги Таълим марказининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, президентнинг «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти, таянч ва вариатив ўқув режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш;
  • Халқ таълими вазирлиги буюртмасига асосан тузувчиларни танлаш ҳамда дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ягона макетларини яратиш;
  • яратилган дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни экспертизадан ўтказиш, уларни таълим тизимида қўллаш бўйича хулоса бериш;
  • фанлар, айниқса, математика, информатика, кимё, биология ва ўзбек тили фанлари бўйича дарсликлар сифатли тайёрланишини таъминлаш;
  • ўқув-тарбия жараёнига «STEAM» фанларини (Science – табиий фанлар, Тechnology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Аrt – санъат, Мathematics – математика) ўқитиш бўйича илғор педагогик технологиялар ва бошқа мақбул методикаларни жорий этиш;

Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланадиган баҳолаш мезонлари (KPI) асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фан методистлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва улар рейтингини шакллантириш.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Марказ директорининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра базавий лавозим маош миқдорлари олий таълим муассасаси ректорига, директор биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари – олий таълим муассасаси проректорига, таркибий бўлинмалар бошлиқлари – олий таълим муассасаси факултет деканига, методистлари иш ҳақи миқдори – олий тоифали ўқитувчи базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.

Марказ таълим сифатини ошириш мақсадида қўшимча равишда ишга жалб қилиш бўйича юқори малакали мутахассислар, шу жумладан хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошлар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар имзолаши мумкин.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

Умумий ўрта таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар ишлаб чиқиш учун тузувчиларни танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом;

Умумий ўрта таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш, уларга тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.

Top