АҚШдаги 21та штат нефт қувури қурилиши тўхтатилиши сабабли Байден маъмуриятини судга берди
Бош прокурорларнинг сўзларига кўра, нефт қувури қурилишининг тўхтатилиши оқибатида 12 мингга яқин киши ишсиз, кўплаб штатлар эса даромадсиз қолиши мумкин.
АҚШдаги 21та штатнинг бош прокурорлари Жо Байден маъмуриятига нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Штатлар ҳукуматлари АҚШ ва Канада чегарасидаги Keystone XL нефт қувури қурилиши тақиқланиши бекор қилинишига эришмоқчи.
Байден президент лавозимини эгаллаганидан кейин Канаданинг Алберта провинциясидан АҚШнинг Мексика кўрфазидаги нефтни қайта ишлаш заводларига тортиладиган қувур қурилишини тақиқловчи фармонни имзолаганди.
"Байденда АҚШ конгресси белгилаган энергетика сиёсатини ўзгартириш учун бир томонлама ваколатлар йўқ", - дейилади даъво аризасида.
Уларнинг қўшимча қилишича, нефт қувури қурилишининг тўхтатилиши оқибатида 12 мингга яқин киши ишсиз, кўплаб штатлар эса даромадсиз қолиши мумкин.
Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам Байденнинг қароридан афсусдалигини билдирган.
Узунлиги 1,9 минг километрни ташкил этувчи Keystone XL нефт қувури қурилиши 2020 йилда бошланганди. Қиймати саккиз миллиард долларга тенг лойиҳа Доналд Трамп томонидан маъқулланган. Қувур орқали Канададан Техас ва Луизианадаги нефтни қайта ишлаш корхоналарига кунига 800 минг баррелдан ортиқ нефт етказиб берилиши кўзда тутилган.
Жо Байден иқлимга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли нефт қувури қурилишини тўхтатган.
Мавзуга оид
20:57 / 24.10.2024
Собиқ модел Стейси Уилямс Трампни тегажоғликда айблади
20:17 / 24.10.2024
Бойвачча, шоумен, популист — Доналд Трамп ҳаётига назар
09:10 / 24.10.2024
Миллионлаб америкаликлар президентлик сайловларида овоз бериб бўлди
22:17 / 23.10.2024