14:54 / 20.03.2021
7430

Ўзбекистонда хотин-қизлар учун ягона интерактив миллий платформа ишлаб чиқилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Aziz-Ayol.uz” ягона интерактив миллий платформасини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Бош прокуратура ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси томонидан хотин-қизларни турмушга тайёрлаш, уларда фарзанд тарбиясига оид кўникмаларни мукаммал шакллантириш, турли тазйиқ, зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилаларда суицид ва ажралишлар олдини олиш, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш мақсадида “Aziz-Ayol.uz” ягона интерактив миллий платформаси ишлаб чиқилган.

Қуйидагилар платформанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • хотин-қизлар, шу жумладан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
  • хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатишга имконият яратиш;
  • хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашиш;
  • хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий ҳамда тиббий маслаҳат бериш ва шу орқали уларни турли тазйиқ, зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилаларда суицид, ажрим ва бошқа салбий ҳолатлар олдини олиш;
  • хотин-қизларни турмушга, фарзанд тарбиясига тайёрлаш ва соғлом турмуш тарзига ўргатиш;
  • хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни оммалаштириш.

Бош прокуратура ва Касаба уюшмалари федерациясининг платформани Касаба уюшмалари федерациясига бепул ўтказиш ҳақидаги таклифига розилик берилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

  • платформага бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни юклаш ва ҳар ўн беш кунда янгилаб бориш;
  • хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатадиган онлайн тўгараклар ташкил этиш, ўқув қўлланмалар ва видеоматериалларни юклаб бориш чораларини кўради.

Касаба уюшмалари федерацияси солиқ идоралари ва “Халқ банки” билан интеграциялашган идоралараро ҳамкорликда хотин-қизлар ишга жойлашгани ҳаққонийлигини доимий тарзда онлайн ўрганиб боради.

Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Давлат активларини бошқариш агентлиги хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида бизнес ғоялар, имтиёзли кредитлар, субсидиялар, бўш бинолар, аукцион орқали сотиладиган ерлар ва бошқа маълумотларни платформага юклаш ва ҳар ўн беш кунда янгилаб боришни таъминлайди.

Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази:

  • платформага ҳудудлар кесимида ишонч телефони рақамлари киритилиши ва уларнинг узлуксиз (24 соат) ишлашини таъминлайди;
  • платформа орқали ҳуқуқий, тиббий, психологик маслаҳат ҳамда зўравонлик ва тазйиқдан ҳимояланиш мақсадида ёрдам сўраб қилинган онлайн мурожаатларни (телефон, смс) қабул қилиб, платформа орқали зудлик билан зарур маслаҳатларни бериб бориш;
  • ҳомиладорлик ва туғиш таътилларига чиқиш, ижтимоий нафақалар олиш, пенсияга чиқиш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибларни ёритиб бориш чораларини кўради.
Top