Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш масаласига Адлия вазирлиги ўз фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътибор беради.
Вазирлик томонидан олиб борилган тадқиқот, ўрганишлар, фуқаролар мурожаатларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, давлат хизматини олишда фуқароларга юқори даражада қулайликни таъминлаш зарур. Бунинг учун вазирлик хорижий тажриба ва тенденцияларни эътиборга олган ҳолда такомиллаштирувчи замонавий таклифларни мунтазам ишлаб чиқиб киритиб бормоқда.
Бюрократияга қарши курашишда энг катта ғов бюрократлар ва бюрократик тартиб-таомилларнинг ўзидир.
Ҳуқуқ ижодкорлиги ўз мазмун-моҳиятига кўра ижобий маънодаги бюрократик жараён ҳисобланади. Бирор-бир ғояни лойиҳа шаклида алоқадор вазирлик ва идораларга киритар экансиз, уни ҳимоя қилишингиз, уларни ишонтиришингиз керак бўлади.
Энди тасаввур қилинг, лойиҳангизда ўша вазирлик ва идораларда мавжуд бўлган аслида кераксиз, идоравий манфаатга хизмат қиладиган, коррупциявий хатари бор ваколатлар ва тартиб-таомилларни бекор қилишни таклиф этяпсиз. Улар буни қандай қабул қилади? Бундай паллада қарор қабул қилувчининг позицияси, иродаси ўта муҳим аҳамиятга эга.
Бюрократияга қарши курашиш, уларни қисқартириш нима учун зарур? Жавоби кундек равшан бўлса-да, аниқроқ тасаввур қилиш учун айрим маълумотларга тўхталсак.
Жаҳон банки тадқиқотига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда йирик корхоналар раҳбарлари вақтининг 31 фоизи, кичик корхоналар раҳбарлари вақтининг 26 фоизи бюрократик масалаларни ҳал қилиш, давлат органлари ҳамда ҳокимликлар билан муносабатларга киришиш учун сарфланаётгани қайд этилган. Ваҳоланки, ушбу вақт самаралироқ тарзда, масалан, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга, иш самарадорлигини оширишга ва корхоналар тушумларини ошириш масалаларига сарфланиши мумкин эди.
Экспертларнинг фикрига кўра, дунё бўйича бюрократик қоидаларга риоя этишга сарфланадиган харажатлар жаҳон ЯИМнинг 17-20 фоизини ташкил этади. Хусусан, АҚШда ЯИМнинг 17 фоизини, яъни 3 трлн долларни ташкил этади.
Давлат раҳбарининг куни кеча қабул қилган «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу соҳадаги тизимли изчил сиёсатнинг ифодаси бўлди.
Фармон маъмурий тартиб-таомилларда аҳоли, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига кўпроқ хизмат қиладиган муҳим қоидаларни қамраб олган. Фармон ўз мазмун-моҳиятига кўра бюрократияга қарши курашнинг сифат жиҳатдан иккинчи босқичининг ҳуқуқий асосини яратди дейишимиз мумкин.














