Жамият | 11:00 / 24.03.2021
30106
12 дақиқада ўқилади

Такомиллашаётган лотинча имло: Қонун лойиҳасига айрим таклифлар

Лотинча имлога асосланган ўзбек алифбоси масаласи яна кун тартибига чиқди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этди. Миллий алифбодаги ноқисликлар ва уларнинг салбий оқибатлари ҳақида ўйланиб юрган зиёлилар лойиҳани мамнуният билан кутиб олишди.

Ўзи нега шу вақтгача лотин имлоси оммалашмади?

Ёдингизда бўлса, мустақилликка эришганимиздан сўнг илк марта 1993 йилда лотин ёзувига ўтдик. 1995 йилда алифбо таҳрирга учради ва ўшандан буён мактабларда ўқувчиларнинг саводи янги алифбода чиқмоқда. 26 йил бўлибди шунга ҳам. Лекин жамиятда ҳамон кирилл алифбосидан теппа-тенг фойдаланилмоқда.

Нима учун лотинча алифбога Озарбойжон, Туркманистон каби давлатларда бўлганидек бирданига ўтиб кета олмадик? Бунинг бир неча сабаби бор.

Шулардан бири – 1995 йилда ислоҳ қилинган алифбонинг ўта ноқулай эканидир. Ўшанда қабул қилинган қўш белгили «Sh», «Ch», «O‘» ва «G‘» ҳарфларини ёзиш учун бир неча клавишлардан фойдаланиш керак. Бунинг натижасида ёшларимиз ижтимоий тармоқлардаги ўзаро сўзлашувларда, фикр билдириш жараёнида ушбу ҳарфларнинг ўрнига «w», «4», «6» каби символлардан ҳам фойдаланишга ўтиб кетишди.

Қолаверса, шу ўтган даврда бадиий китоблар ва айниқса ўқиладиган ягона ахборот манбайи бўлиб турган босма нашрлар мудом кириллча имлодан фойдаланишда давом этишдики, янги алифбонинг оммалашувига булар ҳам салбий таъсирини ўтказмай қолмади.

Сўнгги 5-6 йилда интернетнинг кенг қулоч ёйиши, интернет нашрлар, Telegram, Instagram, Facebook каби ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви натижасида лотинча имлодан фойдаланиш миқдори кескин ортди ва жорий лотинча алифбонинг кўплаб нуқсонлари яққол юзага чиқа бошлади.

Алифбони ислоҳ қилиш зарурияти

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини ошириш борасида жиддий ишлар изчил амалга оширилмоқда. Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди. Ўзбек тилини ривожлантириш ушбу олий ўқув даргоҳининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Мутахассислар олдига она тилимизни ривожлантиришга оид қатор вазифалар, хусусан, лотин имлосига батамом ўтиш масаласи қўйилди. Шахсан давлат раҳбари ва ҳукуматимиз бу борада ўзининг қатъий позициясини намоён этиб келмоқда. Президент фармони қабул қилинди. Ҳукумат қарорлари чиқарилди.

Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департамент қошида ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Унга тилчи олимлар билан бир қаторда журналистлар, блогерлар, дастурчилар ҳам киритилди. Алифбони қулайлаштириш ва такомиллаштириш бўйича кўплаб йиғилишлар ўтказилди, турли фикрлар эшитилди. Ниҳоят бир тўхтамга келиниб, қонун лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди.

Қусурлардан қутулиб, ихчамлик сари йўл

Албатта, такомиллашаётган алифбо ҳам ҳаммага бирдай ёқмаяпти. Уни танқид қилаётганлар ҳам чиқяпти. «Ҳозирги жорий алифбо қолаверсин», деганлар ҳам бўляпти. Ҳаттоки, ёқилган кўприкларни тиклаб, «кириллчага қайтиш керак», деганлар ҳам чиқмоқда. Лекин бундай эътирозларнинг аксарияти илмий мантиқдан йироқ, шунчаки қуруқ гапдан бўлак нарса эмас.

Келинг, жорий алифбода қандай қусурлар борлиги ва такомиллашган алифбода улар қандай бартараф этилгани, ислоҳ қилинаётган алифбонинг нимаси қулайлиги ҳақида гаплашайлик.

1. Жорий алифбода «O‘» ва «G‘» ҳарфларини ифодалашда тасдиқланган бир тирноқ ўрнига турли символлардан фойдаланиш авж олиб кетган, бунинг натижасида бир сўзни 8-9 хил кўринишда ёзиш ҳам мумкин бўлди.

Буларга энди яна «Ò», «Ó», «Õ», «Ö», «Ō», «Ŏ» каби турли ҳарфлардан фойдаланиб ёзаётганларни қўшинг.

Энг аламлиси — миллатимиз ва Ватанимиз номи «Ў» ҳарфидан бошланади. Шахсий ва субъектив фикримча, «ў» товушини ифодалаш учун «O‘» — ҳарф+символ бирикмасини жорий этган шахс, юмшоқ қилиб айтганда, миллатимизнинг дўсти эмас. «Ўзбек», «Ўзбекистон» сўзларини ифодалашда тутуруқ бўлмагандан кейин яна нима дейиш мумкин?

2. Мавжуд ҳолат Интернет тармоғида ўзбек тилида қидирувни жуда мураккаблаштиради. Чунки биртирноқ доимо сўзни бўлиб юборган. «O‘» ва «G‘» иштирок этган сўзларни икки, учга бўлиб тушунади компьютер.

Масалан, WinWord дастурида бирор сўзнинг ҳарфларини катталаштириш зарурияти бўлса, сўзни тўлиқ Shift+F3 билан белгилаб олиш керак, чунки дастур биртирноққача қабул қилади: QORAKO‘lliklar, QARG‘alar каби.

Ахборот асрида кун тартибида трендга чиққан мавзулар топиш ва кузатиш осон бўлиши учун ҳэштег билан ифодаланади. Бу ҳолатда ҳам «O‘» ва «G‘» иштирок этган cўзлардан ҳэштег ясаб бўлмайди:

3. Худди мана шунақа важлар билан «O‘» ва «G‘» иштирокидаги сўзлар турли дастурларни яратишда ҳам катта қийинчилик туғдираётганини IT-мутахассислар тинмай такрорлаб келишмоқда.

4. «Sh» ва «Ch» иштирокидаги сўзлар муаммоси. Бу ҳарфларнинг иккита символ билан ифодаланиши ҳам ҳарф теришда ортиқ вақт, матнда эса ортиқча жой олиб келаётган эди. Маълумки, ўзбек тилида «ш» ва «ч» товушларидан кўп фойдаланилади. Айниқса, сўз ясашда. Ўз-ўзидан, сўзларнинг узайиши, «Бир товуш – бир ҳарф» принципига қурилган кириллча имлога нисбатан визуал ноқулайлик юзага келаётган эди.

Боз устига, «Sh» ва «Ch» ҳарфларини ифодалашда «h» ҳарфи «никоҳлаб» берилганки, бу ҳамюртларимиз ўртасида тушунмовчиликка сабаб бўлаётган эди. Яъни бу қўш белгили ҳарфлар «h» ва «x» ҳарфлари иштирок этган сўзларни фарқлашга ҳам халақит бергани учун кўпчилик «h»дан фақат «Sh» ва «Ch»ни ифодалашда фойдаланиб, қолган ўринларда ёппасига «x» ишлатишга ўтиб кетган эди. Янги имлода «x» ва «h»ни бирлаштириш керак, деган гап-сўзларга ҳам аслида мана шу ҳол сабаб бўлмаяптимикан?

Демак, «Sh» ва «Ch»ни «Ş» ва «Ç» кўринишида ифодалаш «h» ҳарфини ортиқча «ташвиш»дан халос қилади, ўқувчиларга «h» ва «x» ҳарфлари қай ўринда ишлатилишини фарқлаш осонлашади. Сўзларимизнинг узунлиги ҳам бироз бўлса-да қисқаради.

Тақдим этилаётган алифбо лойиҳасини бироз таҳрирлаш керак

«O‘o‘ » ва «G‘g‘» ҳарфлари ўрнига — «Ōō» ва «Ḡḡ» ҳарфлари таклиф қилинмоқда. Бу яхши, нима бўлганда ҳам, мазкур ҳарфларнинг ёзма кўринишига яқинлаштирилган.

Бироқ, «Ōō» символи шу пайтгача фойдаланишда бўлган кўплаб шрифтларда акс этса-да, «Ḡḡ» символи ҳақида ундай деб бўлмайди. Машҳур халқлардан бирортаси бу ҳарфдан фойдаланмагани учун у учинчи дунё мамлакатлари кодировкасидан ўрин олган. «Ḡḡ» — Times, Arial каби стандарт шрифтлардагина аксланади.

Лекин, ўзбек тилида фақат ана шу стандарт 3-4та шрифтдан фойдаланилмайди. «Ḡḡ»нинг аксарият шрифтларда акс этмаслиги дизайнерлар ва турли соҳа ходимларига катта қийинчилик келтириб чиқаради. Янги шрифтни ҳеч ким бизга ясаб бермайди. Шунинг учун мавжуд бўлган, кўп тарқалган, Юникоднинг асосий базасидан ўрин олган символлардан фойдаланавериш керак.

Мисол учун, «Ḡḡ» ўрнига туркий халқлар фойдаланадиган «Ğğ» символини олавериш керак. Бехавотир. Ахир, туркий халқларга хос бўлган «Şş» ва «Çç»ни олмоқчимиз-ку.

Фақат, «Ḡḡ» ўрнига «Ğğ» олингач, визуал бирхилликка эришиш учун «Ōō» ўрнига ҳам «бревисли о» — «Ŏŏ»ни қабул қилишимиз лозим.

Биринчидан, кириллча «Ўзбекистон», «ўзбек» сўзларида ҳам «бревисли у»дан фойдаланамиз. Бу «шапка» биз учун қадрдон, таниш. Агарда, туркий халқлар фойдаланадиган «Öö» символларидан фойдаланиш керак, дейилса, мазкур ҳарф айрим сўзларни ёзишда яна бир қатор визуал ноқулайликларни келтириб чиқаради.

Фикримча, Ŏ ҳарфини ўзбек тилининг махсус рамзи, логотипига айлантириш ҳам мумкин. Ҳаттоки, ўзбек сўми символини ифодалашда ҳам шу ҳарфни асос қилиб олса бўлади.

Клавиатура қанақа бўлади?

Жорий алифбода стандарт лотинча QWERTY-клавиатурадан фойдаланиш мумкин. Албатта, алифбо такомиллаштирилгач, ўзбек лотин алифбоси учун алоҳида клавиатура керак бўлади. Қонун қабул қилингач, Windows, iOS, Android тизимлари шунга мос клавиатура ишлаб чиқишади, албатта.

Стандарт QWERTY клавиатурани ясашда шу пайтгача кириллча терилма (раскладка)дан фойдаланиб келганларнинг ҳам кўникмалари ва хоҳишлари инобатга олинса яхши бўлар эди: нуқта, вергул, икки нуқта, нуқтали вергул, сўроқ белгиси ва № символларини ифодалаш учун.

Кириллча терилмада ҳам 4та ҳарфимиз, «Ў», «Қ», «Ғ» ва «Ҳ» русча клавиатурага алоҳида жойлаштирилганди. Лотинчада ҳам «Ŏ», «Ğ», «Ş», «Ç» ҳарфлари алоҳида жойлаштирилмоқда. Бу айниқса мобил қурилмалар учун мўлжалланган клавиатураларда жуда осон бўлади.

Тортишмайлик, ён берайлик, қабул қилайлик

Фикримча, такомиллашаётган алифбода жорий алифбонинг кўплаб қусурларидан халос бўлинган. Албатта, ҳар калладан ҳар хил фикр чиқади. Ижтимоий тармоқда лойиҳани кўр-кўрона танқид қилаётганлар ҳам бор.

Амалдаги алифбо ёмон ва ноқулай эканлиги аниқ. Янгисида кескин ислоҳларга қўл урилмаган, кўп таъкидланган асосий қусурлар бартараф этилган. Қолаверса, ҳаммага бирдай маъқул бўладиган алифбо яратиш имконсиз. Муҳими, бизни шу пайтгача қийнаб келаётган имловий муаммолардан халос бўляпмиз. Шундай экан, кўпчиликка маъқул бўлса-да, ўзимизга ўтиришмаётгандай туюлган айрим жиҳатларда ён бериб, лойиҳани қўллаб-қувватлашимиз керак.

Ушбу алифбо лойиҳаси тасдиқланиб, ёппасига ўтиб кетилгач, фойдаланиш жараёнида унинг қулайлиги аён бўлади. Матн ёзиш, онлайн луғатлар тузиш, ҳэштеглар яратишда катта қулайлик юзага келади ва кўп вақт, маблағимиз тежалади.

Шуҳрат Шокиржонов,

журналист

Мавзуга оид