09:49 / 27.03.2021
5892

Кафолатланган пакет: давлат ҳисобидан бепул тиббий хизмат ва дорилар билан таъминлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчиси бўлмаган ва алоҳида имтиёзга эга бўлган беморларни давлат бюджети ҳисобидан даволаш тизими йўлга қўйилади.

Жорий йилнинг 26 март куни Сенат қўмитаси ўтказган жамоатчилик эшитувида «кафолатланган пакет» тизими доирасида фуқароларни давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан таъминлашни йўлга қўйиш бўйича бажарилаётган вазифалар муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда Давлат тиббий суғурта жамғармаси директори биринчи ўринбосари Зоҳид Эрматов қўшма қарор ишлаб чиқилгач, дастлабки тажриба-синов жараёни ёзда, Сирдарё вилоятида бошланишини маълум қилди. 

«2021 йилги давлат дастурида феврал ойига қадар аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини амалиётга босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.

Кафолатланган пакет тизимида асосий эътибор бирламчи тиббий тизимга, яъни касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлашга қаратилади. Чунки шифохонада даволаш давлат учун жуда қимматга тушади. Лекин бу шифохона даражаси эътиборсиз қолади дегани эмас.

Шифохонада ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, оғир касалликлар туркумига кирадиган, боқувчиси бўлмаган, алоҳида имтиёзга эга бўлган беморларни давлат бюджети ҳисобидан даволашга эътибор қаратилади.

Бепул тиббий хизматларга тез тиббий ёрдам, санитар авиация, бирламчи тиббий санитария ёрдами, ёлланма оилавий шифокор, консультатив диагностик ёрдам, кундузги стационарда кўрсатиладиган ёрдам, стационар ёрдам, тиббий кўрсатмага асосан қон ва унинг компонентлари билан таъминлаш, тиббий реабилитация, аҳолининг айрим қатламларига кўрсатиладиган паллиатив ёрдамлар киради.

Айни пайтда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан мазкур лойиҳани амалга ошириш учун қўшма қарор тайёрланмоқда. Бу дастлаб Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида амалга оширилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур вилоятда ушбу лойиҳанинг 2021 йилдаги ижроси учун бюджет сарфи 475 миллиард сўм бўлиши кўзда тутилган. Мазкур маблағлар билан 851 минг кишини кафолатлашимиз керак.

Кафолатланган пакетга – профилактика, диагностика ва даволаш киради. Бемор келганда қайси диагностикалар бўйича бепул хизмат кўрсатилиши белгилаб қўйилган бўлади.

Мазкур тажриба-синов лойиҳаси 2021 йил 1 июлдан бошланиб, 2022 йил якунигача давом этиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маъқулланган йўл харитаси бўйича 2023 йилда яна бешта вилоят ва Тошкент шаҳрини қамраб олиш керак. 2025 йилда бу тизим бутун республика ҳудудларида жорий этилиши кўзда тутилган», деди жамғарма расмийси.

Таъкидланишича, ишчи штатлари масаласи ўрганилмоқда. Бунда битта оилавий шифокор 2 минг кишилик аҳолига масъул қилиш белгиланади. Унинг йўлланмаси бўлмаса, бемор қабул қилинмайди. Агар бемор шифохонага йўлланмасиз борса, тиббий хизматлар учун пул тўлаш керак бўлади.

Йиғилиш давомида оилавий шифокор пунктида 32 тур, оилавий поликлиникада 42 тур, кўп тармоқли марказий поликлиникада 52 тур, туман (шаҳар) марказий шифохонасида 127 турдаги дори воситаларининг давлат бюджети ҳисобидан аҳолига бепул берилиши ва мазкур дорилар шифохоналарда доим бўлиши айтилди.

Top