Ўзбекистон | 15:13 / 11.02.2023
38386
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда юрган кўчма шифохоналар

Бепул тиббий хизмат, тиббиёт шароитлари ва мутахассислар... Бу талаблар нафақат шаҳарларда қондирилиши, балки республиканинг исталган ҳудудида тўлиқ мавжуд бўлиши керак. Kun.uz мухбири Қорақалпоғистонга сафар қилиб, олис ва оғир ҳудудлардаги шифо масканларининг шароитлари билан танишди.

Ўтган йили Тахиатош туманидаги Тахиатош ИЭС ёнида янги диагностика маркази қуриб, фойдаланишга топширилган. Осиё тараққиёт банки ҳисобидан қурилиб, энг замонавий тиббиёт аппаратлари билан жиҳозлаб берилган поликлиникада сифатли ва бепул тиббий хизмат кўрсатиш доимий мониторинг қилиб борилади. Эътиборимизни тортгани поликлиникада МРТ ускунасининг ҳам ўрнатилгани бўлди.

Шунингдек, диагностикани ўрганиш чоғимизда УЗИ, ЭКГ, маммография ускуналари билан жиҳозланган тиббиёт автокарвони ҳам етиб келди. Уларнинг вазифаси эса аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, маълум-номаълум касалликларни аниқлаш, олдини олиш ёки даволаш чораларини кўришдан иборат.

Яқин ҳудудларда яшовчи маҳаллий аҳоли мазкур кўчма шифохоналарда бепул кўрикдан ўтиш учун эрта тонгдан навбатлар банд қилишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда вазирлик тасарруфида 15 та мобил маммография комплекси мавжуд. Улар ёрдамида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш учун мамлакатимизда илк бор барча ҳудудлар маммография скрининги билан қамраб олинади. Бу тиббиёт карвони тез орада сизнинг маҳаллангизда ҳам хизматда бўлади.

Мавзуга оид