Биз энг аввал тумандаги Чиммос қишлоғида жойлашган «Оқмачит» оилавий шифокорлик пунктида бўлдик. Туман маркази Қўшработ шаҳарчасидан 38 км олисликдаги ушбу ОШП Оқмачит ва Чиммос маҳаллаларида истиқомат қилаётган 5656 нафар аҳолига хизмат қилар экан. ОШПда 3 та тиббий бригада, врачлар ва 12 та ҳамшира фаолият кўрсатмоқда. Пунктда тез ёрдам хизмати ҳам йўлга қўйилган.

«Қўшработ туманида айни пайтда 45 та маҳалладан 21 таси олис ҳудудлар саналади. Туман бўйича жойиларда 12 та оилавий шифокорлик пунктлари очилиб, фаолият кўрсатмоқда. ССВ билан келишган ҳолда, туман ҳокимининг қарорига асосан 2023 йил якунига қадар яна иккита — «Майинтепа» ва «Юқорисарой» ОШПлари очилиши белгиланган», — деди биз билан суҳбатда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиев.
Бозоркент қишлоғида жойлашган «Оқчопсой» оилавий шифокорлик пунктини ҳам бориб кўрдик. Туман марказидан 70 км олисда жойлашган ушбу манзилда ОШП 60-70 км радиусда истиқомат қилаётган 3640 нафар аҳоли учун хизмат кўрсатади.

Каттақўрғон туманилик умумий амалиёт шифокори Қаҳҳор Ғафуров 2022 йилда ўз турмуш ўртоғи билан шу олис ҳудудга келиб ишлашмоқда. Уларга бир марта тўланадиган 30 миллион сўмлик ёрдам пули берилган. Ойлик маошларига ҳар ой икки миллион сўм устама берилмоқда. Қолаверса, оиланинг турар жойи ижараси учун ҳам ойига 2 базавий ҳисоблаш миқдорида ёрдам бериб турилибди.

Эътиборлиси, «Дамас» автомашиналари ўрнига тоғнинг паст баланд ва асфальт қилинмаган йўлларида бемалол юра олувчи йўлтанламас УАЗ русумли тиббий тез ёрдам машинаси берилган.


«Оқчопсой» ОШПда 2 нафар шифокор, 6 нафар патронаж ҳамшира ишламоқда. 4 ўринли кундузги стационар фаолият кўрсатмоқда. Тез ёрдам бўлими ва машинаси ҳам бор. Бундан ташқари, Оқчоп, Жала ва Кўктўнли қишлоқларида ОШПга бўйсунувчи 3 та маҳалла тиббиёт пункти ҳам бор.

























