Жаҳон | 23:54 / 27.03.2021
43672
9 дақиқада ўқилади

«Қонли шанба»: Мянмада яна юздан ошиқ одам ўлдирилди, ҳарбийлар Россияга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди

Ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, шанба куни Мянмадаги намойишларни бостириш чоғида яна камида 100 киши ҳалок бўлди. Айрим маълумотларга кўра, қурбонлар сони 114 нафарни ташкил этган. Бу маълумотлар 27 март кунини мамлакатда генераллар ва ҳарбий давлат тўнтаришига қарши чиққан аҳоли вакиллари ўртасидаги кураш давридаги энг қонли кунга айлантирди.

Фото: Reuters

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси маълумотларига кўра, шанба куни Мянмадаги намойишларни бостириш вақтида 90дан ортиқ киши ўлдирилган.

Сиёсий маҳбусларга кўмак кўрсатиш ассоциацияси (ААРР) маълумотига кўра, ҳуқуқ муҳофазаси фаолияти ва мониторинги билан шуғулланувчи маҳаллий ташкилот камида 91 кишининг ўлимини, шу жумладан, болалар ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Myanmar Now янгиликлар портали шанба куни 114 киши полициячилар қўлидан ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Хабарга кўра, Мянманинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Мандалайда камида 29 киши, шу жумладан, 13 ёшли бола ўлдирилган, мамлакат пойтахти Янгонда камида 24 намойишчи ҳалок бўлган.

Журналистлар ва фаолларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 феврал кунидан буён тўқнашувларда камида 440 намойишчи ўлдирилган; 3 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган; полиция доимий равишда кўчаларда йиғилганларга ўт очиб келмоқда.

Бу вақтда пойтахтда анъанавий ҳарбий парад ўтказилди, бундай парадларда одатда Мянмада фаолият кўрсатувчи хорижлик дипломатлар ташриф буюради. Аммо бу йилги парадни Россиядан бошқа барча давлатларнинг вакиллари бойкот қилишди.

АҚШ, Британия ва Европа иттифоқи зўравонликни қоралаб келмоқда. Бу давлатлар аллақачон ҳарбий хунта етакчиларига қарши санкциялар жорий этишган.

«Куч ишлатар тузилмалар қуролсиз тинч аҳолига ўт очиб, ўзларига шармандалик либосини кийишди», деган Буюк Британиянинг Мянмадаги элчиси Дэн Чагг.

Нишонга олиб отиш
Жума куни кечқурун Мянмадаги давлат телевидениеси одамларни намойишларга чиқмасликка чақирди: «Қўрқинчли фожиалар ва одамларнинг ҳалокатидан кейин сиз тушунишингиз керакки, сизни орқангиздан ёки бошингиздан отишлари мумкин», дейилган хабарда.

Расмийлар хавфсизлик кучларига намойишчиларни нишонга олиб отиш бўйича кўрсатма берилгани ҳақида очиқ айтишмайди. Аввалроқ ҳарбийлар намойишлар вақтида ҳалок бўлганлар оломон орасидан туриб ўққа тутилгани ҳақида айтишган, шу билан бирга, бунга ҳеч қандай асос келтиришмаганди.

Бу 27 март куни нишонланадиган Мянма қуролли кучлари куни байрами вақтида оммавий намойишларга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қатъий огоҳлантириш ҳам эди. Бу парад 1945 йилда японлар босқинчилигига қарши генерал Аунг Сан бошчилигида кўтарилган қуролли исён хотирасига бағишланган. У демократик ҳукумат етакчиси, ҳозирда бир неча жиноятларда гумонланиб қамоқда сақланаётган Аунг Сан Суу Кининг отаси бўлган.

Ҳукумат ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинишига жавобан АҚШ, Буюк Британия ва Европа иттифоқи ҳарбийларга қарши санкциялар эълон қилган.

«Ҳақиқий дўст»
Аввалги йилларда Мянма қуролли кучлари кунидаги ҳарбий парадларда кўплаб хорижий давлатлар дипломатлари ва ҳарбийлари иштирок этиб келишарди. Аммо давлат тўнтаришидан кейин мамлакат халқаро изоляцияда қолди, бу сафарги параддаги ягона хорижий давлат вакили Россия мудофаа вазирининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Александр Фомин бўлди.

Мянма армияси бош қўмондони, тўнтаришдан кейин ҳокимият тепасига келган Мин Аунг Ҳлаинг Россияга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди. «Биз россиялик ҳарбийларнинг иштирокини юксак қадрлаймиз. Россия ҳукумати ва Россия армиясининг барча вакиллари - гарчи катта масофадаги узоқликда бўлсак-да, бизнинг ҳақиқий дўстларимиздир», деган Ҳлаинг.

«Интерфакс» Россия мудофаа вазирлигидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Ҳлаинг билан музокаралар чоғида Фомин Мянма Россиянинг Жанубий-Шарқий Осиё ва Осиё-Тинчокеани минтақасидаги ишончли иттифоқчиси ҳамда стратегик ҳамкори эканини қайд этиб ўтган.

«Сиз, ҳурматли катта генерал, ўтган йили Улуғ ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган юбилей парадда иштирок этгандингиз. Бу ташриф бизнинг жавобимиз. Бу воқеалар бизнинг халқларимизни гитлерчилар фашизми ва япон милитаризмига қарши бирлаштирганди», деган Фомин.

Ҳлаинг Фоминни медал билан тақдирламоқда

Стокгольм тинчлик муаммолари тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2014 йилдан 2019 йилгача бўлган вақт давомида Мянма ҳарбийлари сотиб олган қуролларнинг камида 16 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Мянмада Россия етказиб берадиган зирҳли техникалар ва авиатехникаларга хизмат кўрсатувчи техник марказ фаолият олиб боради. Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Москва Мянмага 30та МиГ-29 русумли самолёт, 12та Як-130 русумли ўқув-жанговар самолёти, 6та Су-30СМ, 10та Ми-24 ва Ми-35П типидаги вертолётлар, 8та «Печора-2М» зенит-ракета комплекси, шунингдек, радиолокацион станциялар, зирҳли танклар ва артиллерия тизимлари етказиб берган.

Мянма мухолифати намойишлар қонга ботирилаётган маҳалда ўтказилган парадда Россия иштирок этишини кескин қоралаган. «Justice for Myanmar» («Мянма учун адолат») ҳаракати вакили Яданар Маун Reuters агентлигига шундай деган: «Россия халққа қарши олиб борилаётган террорга ёрдам кўрсатмоқда. Россиялик амалдорлар Мянмага келиб, ноқонуний ҳарбий хунтани тан олаётгани жуда жирканчли», деган Маун.

Мамлакатда нималар бўлмоқда
Шанба куни Мин Аунг Ҳлаинг мамлакат аҳолисига телевизион мурожаат орқали юзланди ва Мянмада янги сайловлар ўтказилишини ваъда қилди, шу билан бирга, аниқ муддат маълум қилинмади.

Мандалайдаги тўқнашувлар

«Армия демократияни таъминлаш учун халқ билан жипслашмоқчи. Барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган зўравонлик ҳаракатларини илгари сурилаётган талаблар билан оқлаб бўлмайди», деган Ҳлаинг. У Аунг Сан Суу Ки ва унинг бошқарувидаги «Демократия учун миллий лига» партиясининг «ноқонуний ҳаракатлари» туфайли ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олишга мажбур бўлганини қўшимча қилган.

Бу вақтда, ҳарбийларнинг огоҳлантиришларига қарамай, шанба куни ҳам Мянманинг қатор шаҳарларида норозилик акциялари давом этди. Аммо кўчаларга ҳар қачонгидан кўпроқ полиция ходимлари чиқарилганди ва улар чиқишларни куч билан бостиришди.

Шанба кунги қурбонларнинг аниқ сонини айтиб бўлмайди, аммо турли баҳоларга кўра шу куни кўчаларда ўлдирилган намойишчилар сони камида 100 нафарни ташкил қилмоқда. Myanmar Now маълумотига кўра, кун давомида 114 киши ўлдирилган. The Irrawaddy сайти 28 туманда жами 59 киши, шу жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлгани ҳақида ёзган.

Мамлакатнинг энг йирик шаҳри Янгонда шафқатсиз тўқнашувлар бўлиб ўтган, шаҳар ташқарисидаги ҳудудда жойлашган полиция участкаси олдида камида тўрт киши ўлдирилган. Намойишчилар мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайда ҳам кўчаларга чиқишган. Улар «Демократия учун миллий лига» партияси байроқларини кўтаришган ва бир-бирига Мянмадаги демократик кучлар тарафдори эканини англатувчи уч бармоқни кўрсатиш орқали имо-ишора қилишган.

Маҳаллий журналистлардан бири «Франс пресс» агентлигига хабар беришича, полиция мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Лашио шаҳридаги намойишчиларга жанговар ўқлар узган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда кўриш мумкинки, полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газлар ҳам қўллаган.

Давлат тўнтариши
Ўтган йил ноябрида ўтказилган парламент сайловларида Аунг Сан Суу Ки бошчилигидаги «Демократия учун миллий лига» партияси катта устунлик билан ғалаба қозонганди.

Мянма қуролли кучлари бош қўмондони генерал Ҳлаинг бошчилигидаги ҳарбийлар эса 1 феврал куни сайланган парламентнинг илк йиғилиши ўтказилишига тўсқинлик қилишди ва ҳокимиятни ўз қўлларига олишганини эълон қилишди. Улар ноябр ойидаги сайловлар натижалари сохталаштирилганини айтишди, аммо бу айбловга ҳеч қандай далил келтиришмади. Халқаро мустақил кузатувчилар сайловлар ҳалол ўтган деб топишган.

Айни вақтда Аунг Сан Суу Ки қаердалиги маълум эмас. У билан бирга Мянма президенти Вин Мьин ва «Демократия учун миллий лига» партиясининг барча етакчилари ҳибсга олинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид