13:05 / 27.03.2021
12820

«Тошкент Беш ташаббус ҳаракати»га рўйхатга олиш бошланди

Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта ташаббусда акс этган барча йўналишлар — маданият-санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик, тадбиркорликни қамраб олган «Тошкент Беш ташаббус ҳаракати»га рўйхатга олиш бошланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган ушбу йирик тадбир доирасидаги танловлар, мусобақалар ва учрашувларни очиқ осмон остида ўтказиш учун 37,5 минг метр квадрат майдонда махсус шаҳарча барпо этилмоқда.

«Тошкент Беш ташаббус ҳаракати»да футбол, баскетбол, стол тенниси, армрестлинг ва Street Workout бўйича мусобақалар ўтказилиши, замонавий бешкураш йўналишида Laser Run мусобақаси ташкил этилиши кутилмоқда. Айни вақтда скейтер ва роллерлар учун скейт-парк қурилмоқда.

Маданият йўналишида блогер ва мусиқачи Никита Макаренко бошчилиги Tashkent Voice Fest, профессионал хореограф Сергей Злотников иштирокида Tashkent Dance Fest танловлари ўтказилади. Hand Made фестивали эса барча иштирокчи ва меҳмонларга хизмат қилади.

«Тошкент Беш ташаббус ҳаракати» доирасида «Заковат» турнири ҳам бўлиб ўтади, унинг ташкилотчилари орасида блогер, «Заковат» клуби билимдони Хушнудбек Худойбердиев ҳам бор. Ёш ИТ-мутахассислар эса Project X ва Tashkent Cyber Cup 2021 идеатонига таклиф этилади.

16 ёшдан 30 ёшгача бўлган фаол хотин-қизлар учун махсус Аёллар нетворкинг ҳафталиги бўлиб ўтади. Унда жамоалар илм-фан, бизнес, ижтимоий соҳа, экология ва дизайн йўналишларида Тошкентни ривожлантириш бўйича муаллифлик лойиҳаларини тақдим этади.

Тадбир доирасида ўтказиладиган мусобақа ва танловларнинг ғолиблари пул мукофотлари ва сертификатлар билан тақдирланади, энг яхшиларни махсус таклиф этилган профессионал ҳакамлар гуруҳи аниқлайди.

Тадбирда нафақат иштирокчи, балки меҳмон сифатида ҳам қатнашиш мумкин. Унда ёзувчилар, бизнес, дизайн, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда муваффақият қозонган инсонлар билан турли учрашувлар, медиа-тренинглар ўтказилади.

Ҳаракатнинг ҳар бир куни жўшқин мусиқа базми билан якунланади. Машҳур дижейлар — Trace ва Roger Gunn кечки шоуларнинг резидентлари бўлишади. «Тошкент Беш ташаббус ҳаракати»га унинг расмий сайти — www.toshkent21.uz’да рўйхатдан ўтиш мумкин.

Top