12:30 / 27.03.2021
8241

Хитой фуқароларига нисбатан босқинчилик содир этиб, 10 минг доллар ва 100 млн сўм пулларни қўлга киритган шахслар ушланди

2021 йилнинг 24 март куни соат 03:40да номаълум шахслар Наманган вилояти, Наманган шаҳар “Қадамжой” МФЙда жойлашган “Пекин” тиббиёт маркази биносига юзларига қора рангли тиббиёт ниқоби таққан ҳолда ғайриқонуний равишда кирган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар бинонинг иккинчи қаватидаги ётоқхонада ухлаб ётган, шу марказда шифокор бўлиб ишловчи Хитойнинг икки нафар фуқароси ҳамда марказда таржимон бўлиб ишловчи У.Я.ни уриб,  қўл ва оёқларини скотч билан боғлашган ва ётоқхонадаги тумбочка қулфини бузиб, 10 000 АҚШ доллари, 100 000 000 сўм пул маблағлари ҳамда икки дона “Huawei” ва “Redmi 8” русумли уяли телефон аппаратларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми “а” банди (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи, муқаддам судланган, 31 ёшли Жаҳонгир К. бошчилигида 29 ёшли Ҳабибулло К., 24 ёшли Иззатилла А., Асрорбек Қ. ҳамда Андижон вилоятида яшовчи, 20 ёшли Абдулло Х. содир этганликлари аниқланиб, улар процессуал тартибда ушланган ва уларнинг ёни кўздан кечирилганда, жами 10 620 000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. 

Тергов ҳаракатлари жараёнида Андижон вилоятида яшовчи Абдулло Х. муқаддам мазкур марказ шифокорлари яхши даромад қилаётганидан хабар топиб, бино калитини ғайриқонуний равишда қўлга киритгани ва бу ҳақда таниши Жаҳонгир К.га айтиб, уни қизиқтиргани маълум бўлган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда. Жиноят кодекси нормаларига кўра, бу турдаги жиноятлар учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Top