Жамият | 15:43 / 31.03.2021
8331
2 дақиқада ўқилади

“Ўғлим шу пайтгача 17 марта операция қилинди, кечалари нафас ололмай кўкариб қолади” – фарзанди оғир дардга чалинган она умиди

Самарқанд шаҳри “Ализода” МФЙда яшовчи 2016 йилда туғилган Иброҳим Ҳакимов бир неча йилдан бери ҳиқилдоқ папилломаси касаллиги билан курашиб яшамоқда. Бугун у сиз-у биз каби саховатпеша инсонлар кўмагига муҳтож.

Самарқандлик беморнинг онаси Муҳаббат Алимова ўғлининг соғайиб кетиши учун ёрдам сўраб мурожаат қилмоқда. Бемор 2017 йилдан бери туғма ҳиқилдоқ папилломасидан азият чекиб яшамоқда. Муҳаббат Алимованинг сўзларига кўра, ҳозирда эри Москвада ишлаб, боласини даволатиш учун пул жўнатиб туради. Бироқ бу пуллар ўғлининг дори-дармонидан ортмайди.

“Ўғлим 1 ёшидан бери туғма папиллома ўсимтаси билан курашиб келмоқда. Шу вақтгача 17 марта операция қилинди. Томоғида қайталанувчи ўсимта ўсади. Ҳар ой ёки 5 ойда бир қайталанади. Кечаси билан яхши нафас ололмаганидан ухлолмай чиқади. Менда ҳам уйқу йўқ. Операция пайти оғирлашиб қолади. Комага тушиб қолади. Шунча дори-дармонларнинг ҳеч қайсиси ёрдам бермаяпти. Қайнонам озроқ ёрдам қилиб туради. Москвага олиб бориб, операция қилдиришимиз керак экан.

Саховатпеша инсонлардан ёрдам беришларини сўраб қоламан. Москвага жуда катта маблағ кетаркан. Ўғлимсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Ўсимтаси ўсганда умуман овози чиқмай қолади. Томоғини кесиб аппарат ҳам қўямиз, дейишяпти. Шунақа қилинадиган бўлса, умуман овози чиқмай қолади. Болалардек юролмайди, югуролмайди. Ҳар бир операция пайтида ўйлаб ўтираман, ишқилиб омон чиқармикан, деб. Она сифатида боласини бундай ҳолатда томоша қилиб туриш жудаям ачинарли”, дея саховатпеша халқимиздан кўмак сўрамоқда беморнинг онаси Муҳаббат Алимова.

Бемор Иброҳим Ҳакимовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0602 8968 7163 онаси Муҳаббат Алимова номида.

Sberbank: 4817 7603 1476 6274 отаси Парвиз Қурбонов номида.

VISA: 4097 8209 2020 6635 онаси Муҳаббат Алимова номида.

Телефон: +99 890 504 62 33

Саховати дарё азиз юртдошлар, Иброҳим биродаримиз бошига тушган оғир кунларда саховатингизни аямаслигингизни сўраймиз. Зеро, Аллоҳ ваъда қилганидек, эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир.

Достон Раҳматов,
тасвирчи Дониёр Якубов. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид