Жаҳон | 17:51 / 31.03.2021
9642
2 дақиқада ўқилади

Хитой коронавируснинг АҚШдаги лабораториядан чиқиб кетган бўлиши мумкинлигини ўрганишга чақирди

Фото: AP Photo

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг АҚШдаги ҳарбий лабораториядан чиқиб кетган бўлиши мумкинлигини ўрганиши лозим. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чунин айтиб ўтди

“ЖССТ экспертлари гуруҳи вируснинг лабораториядаги ҳодиса оқибатида ташқарига чиқиб кетган бўлиши мумкинлигига тўхталиб, зарурат бўлса бутун дунёдаги лабораторияларни текшириб чиқишини айтди. Сизга маълумки, Уҳандаги лабораторияларда бундай тадқиқот ўтказилди. Бироқ Форт-Детрик (АҚШдаги ҳарбий лаборатория) қачон экспертлар учун очилади?”, деб савол билан юзланган Хитой вакили ОАВ вакиллари билан учрашувда.

Унинг таъкидлашича, ОАВда Форт-Детрик лабораторияси ҳақида бирор-бир маълумот йўқ.

“У ҳақида 2019 йил июнда янгиликлар бўлганди, бироқ ундан кейин  сўз очилмаган”, деб айтган хитойлик дипломат.

Чуниннинг айтишича, Хитой ҳукумати ЖССТнинг коронавируснинг келиб чиқишини ўрганаётган мутахассислари билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.

“Бу тергов эмас, илмий тадқиқот. У глобал характерга эга бўлиши ва дунёнинг бир минтақаси билан чекланиб қолмаслиги лозим”, деб қўшимча қилган Хитой вакили.

Таъкидланишича, АҚШнинг Мэриленд штатидаги Форт-Детрик лабораториясида АҚШ қуруқликдаги қўшинларининг илмий-тадқиқот институти жойлашган. Ушбу институт Пентагонга бўйсунади ва биотиббий тадқиқотлар билан шуғулланади.

30 март куни ЖССТ коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш мақсадида Уҳанга амалга оширган сафари натижалари бўйича маъруза тақдим этди. Унга кўра, ЖССТ мутахассислари коронавирус сунъий йўл билан яратилгани ҳақидаги версияни деярли рад этишди. Бу орада АҚШ ва яна 14 давлат ЖССТнинг бу маърузасидан хавотир билдирган. Ушбу давлатлар ЖССТ маълумотларни тўлиқ бермаганлигини айтиб, вазиятни батафсил таҳлил қилишга чақирган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид