Жаҳон | 23:00 / 01.04.2021
11485
2 дақиқада ўқилади

Ever Given кемаси эгаси Сувайш канали маъмурияти кўрган зарарни судгача тўлаб бермоқчи

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Сувайш канали маъмурияти 1 млрд долларга яқин зарар кўрган.

Фото: Global Look Press

Сувайш каналини бир ҳафтага тўсиб қўйган Ever Given кемаси эгаси ишни судгача олиб бормасдан компенсация тўлашни хоҳламоқда. Бу ҳақда Миср президентининг денгиз портлари ва Сувайш каналини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси адмирал Муҳоб Мамиш маълум қилди.

 «Вазият судгача етиб бормайди, кема эгаси келишувга эришиб компенсация тўламоқчи», — деди Мамиш.

Унинг сўзларига кўра, Ever Given сабабли тўхтаб қолган кемалар учун компенсацияни уларнинг суғурта компаниялари тўлайди.

Reuters агентлигининг Willis Re International суғурта брокерига таяниб хабар қилишича, Сувайш каналининг тўсилиб қолиши йирик даъволар ва денгиз кемаларини суғурта қилиш тарифлари ўсишига олиб келади. Fitch рейтинг агентлигининг ёзишича, суғуртачиларга нисбатан даъволар суммаси юзлаб миллион еврога етиши мумкин.

Сувайш канали 23 март куни Ever Given кемасининг саёзликка ўтириб қолиши оқибатида тўсилиб қолганди. 29 март куни кемани саёзликдан олишга ва каналда ҳаракатни тиклашга муваффақ бўлинди. Экспертларнинг баҳолашича, канал бу вақт ичида ҳар куни 12-14 млн доллар зарар кўрган.

Сувайш канали маъмурияти раҳбари Усома Робининг сўзларига кўра, маъмурият кўрган зарар 1 млрд долларга яқинни ташкил қилади.

Мавзуга оид