Иқтисодиётнинг турли тармоқ ва давлат бошқарувида қўлланадиган ўлчаш натижаларининг аниқлиги, холис ва ишончлилигини таъминламасдан туриб, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.
Сўнгги икки-уч йил ичида миллий метрология соҳасида ўлчашлар ягоналигини таъминлаш, уларнинг халқаро даражада эътироф этилишига эришиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан соҳада аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни изчил амалга ошириш ҳамда корпоратив бошқарувнинг замонавий институционал усулларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон миллий метрология институти ташкил этилди.
Шу билан бир қаторда, метрология йўналиши бўйича қонуний-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.
Бу ўз навбатида, метрологик инфратузилмани тубдан янгилаш, халқаро муносабатларни амалга ошириш, хорижий давлатларнинг миллий метрология институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, лабораторияларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, хусусий секторнинг метрологик хизматлардаги улушини ошириш ва энг муҳими, ходимларнинг малакасини, ҳам илмий, ҳам касбий кўникмаларини оширишга замин яратди.
Институт томонидан халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Халқаро тарози ва ўлчовлар бюросига (BIPM) аъзо бўлиниб, Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисида келишув (CIPM MRA) имзоланди.
Сўнгги уч йил ичида соҳага 10 дан ортиқ халқаро экспертлар жалб этилди. 50 нафардан зиёд мутахассислар Германия, Туркия, Россия, Хитой, Молдова, Беларуссия ва бошқа давлатларда малака ошириб қайтдилар.
Масса, ҳарорат ва босим лабораторияларининг ўлчаш имкониятлари халқаро даражада тан олинди. Калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг
102 та давлат томонидан ўзаро эътироф этилишини таъминлаш мақсадида Евросиё давлат метрология ташкилотлари ҳамкорлиги (КООМЕТ) доирасида 12 та солиштириш лойиҳалари бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатилди.
Давлат раҳбарининг метрология тизимига бўлган эътибори натижасида давлат бюджетидан 21 дона эталон харид қилиш учун 5,8 млн. доллар ажратилиб, миллий эталонлар базасини 33 донага етказиш режалаштирилди.
Айни дамда республикада юқори аниқликдаги ўлчашларнинг кузатилувчанлигини таъминлаш мақсадида, миллий эталонлар сони 9 тадан 19 тага етказилиши орқали 10 та калибрлаш лабораториялари ташкил этилди ва 72 та гуруҳдаги ўлчаш воситаларини калибрлаш хизмати жорий этилди. 2017-2020 йилларда жами 5 млрд. сўмлик 133 дона ускуна харид қилинди ҳамда қиёслаш ва калибрлаш бўйича 45 та янги ўлчаш услуби ўзлаштирилди.








