Жаҳон | 22:13 / 03.04.2021
5646
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бир кун ичида юз берган икки отишмада олти киши ҳалок бўлди

3 апрелга ўтар кечаси АҚШнинг икки штатида содир бўлган икки отишма оқибатида олти киши ҳалок бўлди.

Шимолий Каролинадаги Уилмингтон шаҳрида базм вақтида юз берган отишмада уч киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши жароҳатланди, деб хабар берди NBC.

"Уйда ўтказилаётган базм вақтида юз берган отишма натижасида етти кишига ўқ теккан, уларнинг уч нафари ҳалок бўлган", - деди маҳаллий полиция вакили Донни Уилямс.

Воқеа сабаблари ва гумондор шахс аниқланмоқда.

Мэриленд штатидаги Принс-Жоржес округи полицияси ҳам уч кишининг ҳалок бўлганини хабар қилди.

"Полиция офицерлари хизмат вақтида ўқ овозини эшитган. Офицерлар ҳудудни текшириб, автомобил ичида икки эркак ва унинг ёнида бир аёл ўқотар қуролдан ҳалок бўлганини кўришган", - дейилади полиция хабарида.

Аввалроқ Вашингтонда номаълум шахс Капитолий биноси олдидаги тўсиққа автомобилда келиб урилганди. Воқеа жойида содир бўлган отишма оқибатида уч киши жароҳатланган. Ҳужум уюштирган шахс ва бир нафар полициячи ҳалок бўлган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид