Ўзбекистон | 12:19 / 03.04.2021
26109
2 дақиқада ўқилади

Президентни интернетда ҳақоратлаш Жиноят кодексига киритилди

Интернетдаги бирор блог, ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифа ёки бирор бир хабар остидаги изоҳда ҳам президентга ҳақорат ёки туҳматни ифода этадиган маълумотни акс эттириш (матн, сурат, аудио, видео каби шаклларда) тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

30 март куни имзоланган қонун билан Жиноят кодексига қўшимча қўшилди.

Эндиликда кодекснинг 158-моддаси 3-қисмига асосан, Ўзбекистон Республикаси президентини интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш:

  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки –
  • 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд –
  • 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хўш, аслида бу янгиликми? Қисман, ҳа. Бироқ эътиборга олиш керакки, президентни ҳақоратлаганлик ё унга туҳмат қилганлик учун жавобгарлик аввал ҳам бор эди. Фақат бунда ҳуқуқбузарлик ё омма олдида, ёки ОАВдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлиши лозим эди.

Янгилик шундаки, энди жавобгарлик интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун ҳам белгиланмоқда. Жазолар эса ўша-ўша, ўзгармаган.

Бунга қадар амалда бўлган тартибга кўра, интернетда президентга нисбатан туҳмат ёки ҳақоратли изоҳ қолдирган шахс МЖтКнинг 40-41-моддалари ёки ЖКнинг 139- ва 140-моддаларига мувофиқ (бу моддалар мос равишда «Туҳмат» ва «Ҳақорат қилиш» дея номланади) жавобгарликка тортилиши мумкин эди, аммо бунинг учун президент ёки унинг вакилининг аризаси талаб этиларди.

Кодексдаги ўзгаришдан сўнг, шахснинг интернетдаги бирор блог, ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифа ёки бирор бир хабар остидаги изоҳда ҳам президентга ҳақорат ёки туҳматни ифода этадиган маълумотни акс эттириши (матн, сурат, аудио, видео каби шаклларда) тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид