Намибияда биринчи марта аёл киши президент этиб сайланди
72 ёшли Нетумбо Нанди-Ндайтва Намибия тарихидаги биринчи аёл президентга айланди. У партизанлик уруши давридан бери ҳукмрон SWAPO партияси аъзоси ҳисобланади.

Фото: Reuters
Намибияда 27-30 ноябр кунлари бўлиб ўтган сайловлар натижасига кўра, 72 ёшли Нетумбо Нанди-Ндайтва — SWAPO (Жануби-ғарбий Африка халқ ташкилоти) партиясининг вице-раиси президент этиб сайланди. Мамлакат Марказий сайлов комиссияси (МСК) маълумотларига кўра, президентлик сайловларида сайловчиларнинг 76,05 фоизи овоз берган.
МСК ҳисоб-китобларига кўра, Нанди-Ндайтва 58,07 фоиз овоз тўплаган — унга 638,5 минг одам овоз берган. «Намибия халқи тинчлик ва барқарорлик учун овоз берди», — дейди сиёсатчи натижалар эълон қилинганидан кейин.
Нанди-Ндайтва SWAPO мустақиллик учун ЖАРга қарши партизанлик урушини олиб борган вақтлардаёқ ташкилотнинг фаол аъзоси бўлган, қўшни Замбияда қувғинда фаолият юритган, 1970 йилларда СССРда ўқиган. 2012 йилдан бери Намибия халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик вазири лавозимида ишлаб келади, 2015 йилдан 2024 йил февралга қадар бош вазир ўринбосари эди.
Тўпланган овозлар сони бўйича 67 ёшли Пандулени Итула асосий рақобатчисидан қолиб кетди. Стоматолог ва SWAPO’нинг собиқ аъзоси бўлган Итула 2019 йилда президентлик сайловларида мустақил номзод сифатида иштирок этган ва 29 фоиз овоз тўплаган эди. Шундан сўнг у SWAPO аъзолигидан чиқарилган ва Итула ўз партиясини тузган. Жорий йилги сайловларда эса у 25,84 фоиз овоз тўплади. Президентлик лавозими учун жами 15 номзод курашди — кейинги етакчилар 5,04 фоиздан 0,11 фоизгача овоз тўплаган.
Мавзуга оид

13:36 / 24.03.2025
Намибиялик аёл ўзига ҳужум қилган тимсоҳнинг жағларини очиб, қочиб кетди

12:57 / 17.02.2025
Акаев, Янукович, энди Асад – Москвадан паноҳ топган собиқ ҳукмдорлар

22:49 / 11.02.2025
Руминия президенти вазифасини вақтинча бажарувчи тайинланди

14:12 / 26.01.2025