11:30 / 06.04.2021
11537

38 ёшли ўқитувчи аёл Косово президенти этиб сайланди 

Фото: euronews.com

Қисман тан олинган Косово Республикаси парламенти 38 ёшли Воса Османини мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади. Османи ушбу лавозимни эгаллаган иккинчи аёл бўлди. 

Euronews’нинг хабар беришича, ўқитувчи, сиёсатчи ва ҳуқуқшунос Османи номзодини парламентнинг 120 аъзосидан 71 нафари қўллаб-қувватлаган. Иккита мухолиф партия ва этник серблар манфаатларини билдирувчи партия овоз беришни бойкот қилган. Президентни учинчи уринишда сайлашга муваффақ бўлинган.  

Косовонинг биринчи аёл президенти Атифете Яхяга бўлган ва у мамлакатни 2011 йилдан 2016 йилгача бошқарган. 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Османи Косовонинг собиқ етакчиси Ҳошим Тачи 1990-йиллар охирида Косоводаги қуролли ихтилоф вақтида содир этилган ҳарбий жиноятларда айбланиб, Ҳаага судига чақирилгандан кейин давлат раҳбари вазифасини бажариб келаётганди. Тачи ушбу айбловлар сабабли 2020 йил ноябрда истеъфога чиққанди.  

Османи барча учун президент бўлишга ва ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашга ваъда берган. 

“Бугун Косово президент этиб аёл кишини сайлади. Ҳозир бизни кузатаётган қизлар, умид қиламанки, менинг сўзларимни эслаб қоласиз. Ҳар бир қизда ҳаётида бирор муҳим ўринни эгаллаш орзуси бўлади. Улар бу ҳақида тунлари билан ўйлаб чиқадилар ва бунинг учун кўп ва астойдил меҳнат қиладилар”, деб айтган Османи парламентдаги нутқида.

Воса Османи 2005 йилда АҚШнинг Питтсбург университетида ҳуқуқшунос магистри даражасини олган. 2015 йилда докторлик диссертациясини ёқлаб, ҳуқуқ фани доктори илмий даражасини олган. 

Османи Косоводаги Приштина университети ва Рочестер технологик институтида дарс берган. Халқаро ва савдо ҳуқуқи соҳаларида кўплаб мақолалар ва монографиялар муаллифи ҳисобланади. Албан тилидан ташқари, инглиз, испан, турк ва серб тилларида эркин сўзлаша олади. Оилали, 2 қиз фарзанди бор. 

Косово 2008 йилда бир томонлама тартибда Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Бироқ расмий Белград ҳанузгача Косовони ўзининг ҳудудларидан бири деб ҳисоблайди. Бир қатор давлатлар Косовонинг мустақиллигини тан олмаган. 

Top