Жамият | 12:10 / 06.04.2021
8602
4 дақиқада ўқилади

Намангандаги уйи қулаб тушишидан хавотирдаги 4 хонадон: улар қачон кўчирилади?

Наманган шаҳрининг Чорсу маҳалласида жойлашган Усмон Камолов кўчасида яшовчи аҳоли «снос» масаласидан азият чекмоқда. Гап шундаки, бу ерда яшовчи аҳоли 2012 йилда ушбу маҳалла бузилиши бўйича огоҳлантирилган.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Нилуфар Исоқбоеванинг Kun.uz мухбирига ҳикоя қилиб беришича, 2018 йилда Наманган шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими вазифасида ишлаган Шавкат Абдураззоқов маҳалла аҳлини тўплаб, йиғилиш қилган ва ҳудуд бузилиши бошланишини эълон қилган.

Уй учун эса 1 норма, яъни 4 сотих ер майдони ва 13 млн сўм пул компенсация тўланиши таклиф қилинган. Маҳаллада яшовчи аҳолининг баъзилари бу тўловга рози бўлмаган. Кейинроқ эса уй эвазига уй олиб бериш таклиф қилингандан сўнг ҳудуд аҳолиси келишувга кўра бошқа жойларга кўча бошлаган. Лекин маҳалладаги 4та хонадон бузилмай қолиб кетган.

«2018 йилда қўшниларимиз рози қилингач, уйлари бузила бошланди, ён атрофимиздаги уйлар бузилганида бизнинг хонадонимизга ҳам шикаст етди. Ўша куни ишдан келсам деворларимиз очилиб қолган экан, эътироз билдирсак, «эртага сизларники ҳам бузилади», деб кетишди.

Нилуфар Исоқбоева

Шу кетишганича, мана, 3 йил ўтдики, ҳеч ким хабар олмайди. Уйимизку бузилмади, шикаст етган жойлари таъмирлаб ҳам берилмади.

Ҳозир битта хонада касал онам, вояга етган ўғлим ва қизим билан тиқилиб яшаб келяпмиз», – дейди Нилуфар Исоқбоева.

Нилуфар опа 2009 йилдан бери икки фарзандини ёлғиз вояга етказмоқда, у 11 йилдан бери онаси Валия Холиқова билан бирга яшайди. Валия хола вақти-вақти билан шифокор назоратида бўлиб туради, гепатит С билан оғриган. Шу сабаб ҳам ёлғиз она рўзғордан орттириб уйни таъмирлаб ололмаган.

«Деворлари очиқ ҳолатда қолиб кетган уйга ёз кунлари дайди ҳайвонлар кириб қолади, болаларим қўрқишади, бир-икки марта илон ҳам кириб қолди, ҳар хил ҳашаротлар ҳам пайдо бўлиб қолади.

3 йилдирки, на таъмирлашни, на бошқа жойга кўчиб кетишни биламиз. Маҳалла «снос»га тушгани учун табиий газ ҳам узиб кетилган, қишда иссиқлик таъминотисиз анча қийналиб яшадик, тўрт жон билан бир уйга тиқилиб қолганмиз», – дейди у.

«Мана 8 йилдирки, хавотирда, ҳадикда, ҳаловатсиз яшаяпмиз, хонадонимиз деярли яроқсиз ҳолатга тушиб қолган. Уй қулаб тушишидан хавотирдаман, набираларимнинг ҳаётига хавф туғдиряпти бу ҳолат.

Валия Холиқова

Бу уйдан бошқа яшаш жойимиз бўлганда ҳам майли эди. Бу масала бўйича бир неча бор шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдик, афсуски, натижа йўқ. Ҳудуд ҳоким секторига қарайди. Лекин бизнинг дардимизга қулоқ тутадиган одам йўқ, қачонгача шундай қийналиб яшаймиз?» – дейди Валия Холиқова.    

Наманган шаҳрида сўнгги ойларда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Айниқса қурилиш ва ободонлаштириш соҳасида. Мазкур масала юзасидан ҳам шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг режалари, ечимлари бормикин?

Масалага сектор раҳбари ва мутасаддилар беписанд қарамайди, улар масалани жойига келиб ўрганишади, мурожаатчиларни тинглашади ва тўрт хонадонни қийнаётган муаммо хайрли якун топади, деб умид билдирамиз.

Юлдуз Юлдашева, Kun.uz мухбири.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид