Ўзбекистон | 09:28 / 07.04.2021
3862
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бир кунда 14 мингдан ортиқ киши эмланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда Ўзбекистонда 14 мингдан ортиқ киши коронавирусга қарши эмлангани ва шу вақтгача вакцина олганлар сони 50 мингга яқинлашгани ҳақида хабар берди.

«6 апрель куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жами 14 216 нафар киши COVID-19га қарши эмланди. 

Шу кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 49602 нафарга етди», дейилади вазирлик хабарида. 

6 апрель кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни Самарқанд вилояти (3437 нафар), Тошкент вилояти (1708 нафар), Андижон вилояти (1633 нафар), Тошкент шаҳри (1630 нафар) ва Наманган вилояти (1487 нафар) банд қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси COVAX дастури доирасида бепул тақдим этилган AstraZeneca вакцинаси (660 минг доза) ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси (1 миллион доза) билан эмланмоқда.

COVAX дастури доирасида жорий йилнинг май-июн ойларида 2 млн доза AstraZeneca, апрел-июн ойларида эса 3,5 млн доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда. 

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид