Ўзбекистон | 19:49 / 08.04.2021
8413
4 дақиқада ўқилади

«Хусусий тиббиёт ривожланмагани учун давлат тиббиёти ҳам орқага қараб кетди». Шавкат Абдураззоқов тиббиётдаги аҳвол, бюджет пуллари ва негатив изоҳлар ҳақида

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Kun.uz билан суҳбатда интернетдаги изоҳлар, тиббиётдаги ҳолат, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ва фарзандлари нима иш билан шуғулланиши ҳақида гапирди.

Ўзимизнинг тиббиётга ишонаман, лекин камчилик кўп

Ўзимизнинг тиббиёт тизимимизга ишонаман. Давлат ҳамма йўналишда ишлаяпти. Лекин, тиббиёт бўйича нотўғри бир фикр бор, у ҳам бўлса мутахассисларнинг малакаси бўйича. Тошкентда 7-8 йил ишлаган бўлсам, кўп қариндошларимиз келган. Тўғри, пойтахтда технология кўплиги, шароит борлиги учун кўпчилик келади.

Бироқ, вилоятларда ҳам ривожланмоқда, кўп дастурлар бўйича маблағ ажратилди. Шароит бўйича Тошкентга бориши мумкин, бизда чекка қишлоқларда таъмирланмаган бўлиши мумкин. Аммо йилдан йилга инвестиция дастурига киритилиб, яхшиланиб бормоқда.

Рақобат деган нарса ҳам бор. Хусусий тиббиёт ривожланмагани учун давлат тиббиёти ҳам орқага қараб кетди. Энди давлат-хусусий шериклик, хусусий тиббиётга берилаётган эътибор мутахассисларни ҳам рақобат қилишга ундаяпти.

Бюджет пуллари тўғрисида

Бюджет маблағларидан фойдаланиш бўйича назорат ишида ўринбосарлар масаласи катта ўрин тутади. Тўғри одамларни тўғри, ўзининг жойига қўйиш жуда ҳам катта аҳамият касб этади. Юз фоиз назорат қиламан, десам нотўғри гапирган бўламан.

Менинг назорат қилишим - ўринбосарим орқали ҳар куни ҳисобот. Сабаби, у ҳам давлат одами, мен ҳам давлатнинг одами, мен назорат қилишга мажбурман. Ўринбосаримнинг фаолиятини назорат қилиш, йўналиш бериш орқали... Ижтимоий тармоқларни кузатиб юраман, изоҳларни ўқийман, ичидан чиқади. Таклифларни ижтимоий тармоқлардан ҳам олиб, ишда қўллашимиз керак.

Интернетдаги изоҳлар

Ижтимоий тармоқдаги изоҳларни кузатиб бораман. Турли фикрлар бор, ичидан олиш керак бўлган фикрлар ҳам мавжуд. Негатив фикрларга келадиган бўлсак, мен бу борада бир хулосага келдим. Аксарият маҳаллаларни айланиб чиқдим, кўпчиликдан ижтимоий тармоқларни, интернетни биласизми деб сўрадим, нима у, деган жавоблар бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги “пиар, кошона қуриб олибди”, деган изоҳларга эътибор бермасликка қарор қилдим. Сабаби, бу ерда, ҳақиқий муаммонинг ичида ўтирган одамлар буни ёзмаяпти. Уни ташқаридан кимлардир ёзяпти. Бекорчиликдан ҳаммаси. Иши бор одам бир кунда ўн марта изоҳ ёзмайди.

Хорижда активларим йўқ

Хорижда активларим йўқ. Бу аниқ. Фарзандларим Ўзбекистонда таълим олгани яхши, менинг ўзим шунга қатъий турганман. Катта фарзандим Японияда ўқимоқчи бўлган, мен бакалаврни Ўзбекистонда тамомлаши, кейин магистратурани чет элда ўқиши мумкинлиги борасида шарт қўйганман. Японияда магистратура эмас, бир йиллик ўқишда таълим олиб келди. Келганидан кейин ҳам ўз йўналишига ишга киришига мотивация бердим, мажбурладим десам хато бўлади.

Отанинг ҳаққи бор, ёшлар билиб-билмай қарор қабул қилиб қўяди, шуни йўналтириб туришимиз керак. Шунинг учун икки фарзандимнинг келажаги ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ. Бири банкда оддий мутахассис, бири газ тизимида мутахассис. 

Бундан олдин, Шавкат Абдураззоқов вилоятда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, энерготақчиллик ва экология масаласи ҳақида гапириб берганди.

Шунингдек, Наманган вилояти ҳокими қимматбаҳо машиналар, йўллар аҳволи ва раҳбарлик юки ҳақида фикр билдирди.

Тўлиқ видео:

Мавзуга оид