2 апрел куни ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ташқи қарз эвазига қурилган Ангрен шина заводининг фаолияти муваффақиятсизлиги учун жавобгарларга қандай чора кўрилаётгани бўйича Ҳисоб палатасига савол билан юзланганди.
«156 миллион долларга завод қурилган. Шиналар ишлаб чиқарилмоқда. Энг ачинарлиси, шундоққина Андижондаги UzAuto Motors бу шиналарни сотиб олмаяпти. Сабаб сифатида бу маҳсулотлар GM компанияси стандартларига сертификатлаштирилмагани келтирилмоқда. Наҳотки, бу лойиҳа ишлаб чиқилаётганда биринчи бозоримиз бўлган ички автомобиллар сертификат талабларига мослашиши зарурлиги ўйланмаган бўлса?!
Лойиҳа ташаббускорларига, уни ишлаб чиққанларга чора кўриладими ёки шунчаки 156 миллион доллар сувда оқиб кетди, деб кетилаверадими? Шу бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига тақдимнома киритдингларми?» дея савол қўйган депутат йиғилишда.
Дониёр Ғаниев ўзининг бу мавзудаги кейинги чиқишида ноаниқликка йўқ қўйилгани, Ангрен шина заводи бўйича жиноий иш қўзғатилгани тўғрисидаги маълумот асоссиз эканлигини маълум қилди.
«2 апрел куни ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2020 йилги фаолияти юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Бўлиб ўтган муҳокамалар жараёнида мен ташқи қарз ҳисобига молиялашган ҳамда ҲП томонидан ўрганилган 2та лойиҳа юзасидан савол бергандим. Яъни Ангрен шина заводи лойиҳаси ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган «Саломатлик-3» лойиҳаси. Мана шу лойиҳалар бўйича Ҳисоб палатаси раҳбарияти томонидан иккита алоҳида-алоҳида жавоб берилган.
Лекин негадир партия матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳада хатоликка йўл қўйилиб, айнан «Саломатлик-3» лойиҳаси бўйича берилган жавоб Ангрен шина заводи бўйича берилган саволга жавоб тарзида юкланган. Бу тушунмовчилик ортидан ОАВда Ангрен шина заводи бўйича жиноий иш очилди, тарзида хабарлар тарқабди.
Аслида жиноий иш «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида очилган. Уни видеода, ҲП раҳбариятнинг жавобида ҳам эшитиш мумкин ва унда «Саломатлик-3» лойиҳаси доирасида барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилгани маълум қилинган.














