17:38 / 12.04.2021
20262

Давлат харидларидаги қинғирлик: мусиқа асбобларини 80 минг доллар қимматга сотиб олиб, бюджет пулларини ўғирлаганлар аниқланди

Аниқланишича, бюджет маблағларини ўзлаштирганлар мусиқа асбобларини 792,2 миллион сўм қиммат нархда сотиб олган ва қолган пулларни ўзлаштирган.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахслари мусиқа асбобларини бозор баҳосидан 792,2 миллион сўм қиммат нархда сотиб олгани ва бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.

Хабар қилинишича, жиноят Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан давлат харидларида нархларни ошириб юбориш ҳолатлари юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлган.

Департамент «харидорлар» олдиндан тил бириктириб, мусиқа асбобларини сотиб олиш юзасидан ўтказилган тендер танловида 3,3 млрд сўмга етказиб бериш таклифи мавжуд бўлса-да, муқобил қимматроқ вариантни кўрсатган тадбиркорлик субъектини асоссиз равишда танловда ғолиб сифатида кўрсатган ва ундан бозор баҳосидан салкам 80 минг доллар қиммат нархда сотиб олганини очиқлади.

«Мазкур ҳолат юзасидан компания мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», – дейилади давлат органи хабарида.

Аввалроқ 2020 йилда талон-торож қилиш жиноятлари сабабли давлат бюджетига 260 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани хабар қилинганди. Аниқланган бундай жиноятларнинг аксарияти қурилиш соҳасига тўғри келиши ва ўтган йили ушбу йўналишда 187та жиноят фош этилиб, қарийб 60 млрд сўмлик зарар етказилгани маълум қилинган. 

Top