Жамият | 21:05 / 14.04.2021
47011
3 дақиқада ўқилади

Ангрен МИБ бошлиғи ходимларини сўкиб, ярим тунда бошқармага боришни буюрди

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи Моҳизода Юсуповага тегишли экани айтилаётган аудио Kun.uz ихтиёрига келиб тушди. Ходимларнинг Telegram'даги гуруҳига йўлланган овозли хабарларда, МИБ мансабдори кунлик режани бажармаган ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани эшитилади.

«10 тадан кам кунлик қилган ….башара, бугун соат 12 да бошқармага боради, 100 фоиз. Сенлар менинг душманимсан, ўша 10 тадан кам қилган …лар. Сенлар халқ душманисан, МИБнинг душманисан, мени душманимсан.

Жонибек, менга ёзиб юбор, ким қанча кунлик қилганини. Кунликни кам қилган …башараларни ит...ман. Мен ҳозир 1 соатда етиб бораман. Ана шу …лар 1 соатдан кейин ишда бўлсин 10 тадан кам қилганлар. Кечаси 12да бошқармага боришасан», дейди аудиода гапирган аёл.

Аудиода раҳбар ходимларини ўзига, халққа ва МИБга душманликда айблайди. Бундан ташқари, меҳнат қонунчилигига зид равишда, режани бажара олмаган ходимлар ярим тунда Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармасига бориши кераклигини айтиб, уларга таҳдид қилади.

Kun.uz Тошкент вилояти Мажбурий ижро бошқармаси матбуот хизмати билан боғланди. Бошқарма вакили Дилфуза Олимованинг сўзларига кўра, Моҳизода Юсупова – МИБнинг туман ва шаҳар бўлимлари бошлиқлари орасида ягона аёл бошлиқ.

«М.Юсупова республика бўйича бўлимларда ягона аёл раҳбар ҳисобланади. Ростдан ҳам қаттиққўллиги бор, лекин жуда самарали иш кўрсатади, доим қўйилган режаларни ўз вақтида бажаради. Балки, иш жараёнларида шунақа қаттиққўллик қилган бўлиши мумкин. МИБ бўйнидаги катта масъулиятни бажаришга, ходимларни бошқаришда шундай ҳолат бўлган бўлиши мумкин», – дейди бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси ходими.

Дилфуза Олимова бошқармада кеч соат 00:00гача мажлислар қилинмаслигини, иш вақти соат 19ларда тугашини айтди. Унинг тахминича, соат 00:00да мажлисга борасан деб, ишламаётган ва дангаса ходимлар қўрқитилган бўлиши мумкин.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва ножўя хатти-ҳаракатларининг олдини олиш бўйича махсус тармоқ ҳолатни ўрганиб чиқади ҳамда текширув натижасига кўра айбдорларга чора кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин МИБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари бошқармада таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, коррупция ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўпайганидан норозилик билдириб, Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга ариза ёзганди.

Ходимлар айрим туман бўлим бошлиқларининг прокуратурадаги танишларига ишониб ишга хоҳласа келиб, хоҳласа келмаслиги, иш вақтида алкогол ичимликлар истеъмол қилиши, интизомий жазо олган ҳолда танишнинг кучи билан мартаба даражалари олганини билдиришган ва бош прокурорнинг шахсан назорати остида текширув ўтказиб, тизимни «тозалаш»ни илтимос қилган.

Шундан сўнг МИБ матбуот хизмати бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари томонидан мурожаатда келтирилган ҳар бир важ бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид