Жаҳон | 11:43 / 15.04.2021
5352
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва НАТО 1 майдан Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишни бошлайди  

Фото: EPA-EFE

АҚШ президенти Жо Байденнинг таъкидлашича, АҚШ Афғонистондаги миссиясини бажарди ва 1 майдан у ердан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлайди.  

«АҚШ жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Афғонистондан ҳарбийларни батамом олиб чиқишни бошлайди», деб маълум қилган Байден. 

Унинг таъкидлашича, ушбу жараён босқичма-босқич ва ҳозирда Афғонистонда АҚШдан кўра кўпроқ кучга эга бўлган иттифоқдошлар билан мувофиқликда амалга оширилади.  

«Биз қўшинларни олиб чиқишни 11 сентябргача якунлаймиз», деб таъкидлаб ўтган Байден.  

Оқ уй раҳбарининг айтишича, АҚШ Афғонистонда ўз олдига қўйган вазифаларни бажара олди.  

«Америка тарихидаги энг узоқ давом этган урушга чек қўйиш, ҳарбийларимизни уйларига қайтариш вақти келди», деб қўшимча қилган АҚШ етакчиси. 

Байден «Толибон» ҳаракатини қўшинлар олиб чиқилиши вақтида уларга ҳужум қилмасликдан огоҳлантирган. Акс ҳолда, бундай ҳужумлар ҳолатида АҚШ ўзини ва иттифоқдошларини барча мавжуд усуллар билан ҳимоялайди. 

Байден АҚШ Афғонистонни қўллаб-қувватлашига ва мамлакатдаги ихтилофни сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича музокараларни давом эттиришига ваъда берди. У Россия, Покистон ва бошқа бир қатор давлатлардан Афғонистонга фаол кўмак кўрсатишни сўрашини қўшимча қилган.  

«Биз ушбу минтақадаги бошқа давлатлардан Афғонистонни қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ саъй-ҳаракатлар амалга оширишларини сўраймиз. Бу айниқса, Покистон, шунингдек, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Туркияга тегишли», деб айтган АҚШ етакчиси.    

Бу орада НАТО ҳам АҚШ қароридан кейин 1 майдан бошлаб Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишини эълон қилди.  

НАТОнинг баёнотида таъкидланишича, қўшинларнинг олиб чиқилишини бир неча ой ичида якунлаш режалаштирилган. Бунгача НАТО «Толибон»нинг ҳар қандай ҳужумларига «қатъиян жавоб қайтаради». 

Баёнотда айтилишича, 2001 йилда НАТО давлатлари ташкилот тарихида бир марта Вашингтон келишувининг 5-моддасини қўллаб, 2001 йил 11 сентябрда АҚШда теракт содир этган ва «Ал-Қоида»га қарши курашиш ҳамда Афғонистонни террорчилар учун маконга айлантирмаслик мақсадида ушбу мамлакатга ўз кучларини юборган.  

НАТО Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш учун мамлакатни, унинг халқини ва институтларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини айтган.    

«Қўшинларимизнинг олиб чиқилиши Афғонистон билан муносабатларимиз тўхтатилишини англатмайди. Тўғрироғи, бу янги бобнинг бошланиши бўлади. Афғонистондаги мустаҳкам тинчлик негизида ҳар жиҳатни кўзда тутувчи, мустаҳкам тинчлик сулҳи ётади. У зўравонликка чек қўяди, барча афғонлар, айниқса, аёллар, болалар ва этник озчиликлар учун инсон ҳуқуқларини, қонун устуворлигини таъминлайди ва Афғонистон бошқа ҳеч қачон террорчилар учун бошпана бўлмаслигини кафолатлайди», деб ваъда қилинган НАТОда. 

НАТО ўз баёнотида «Афғонистондаги миссияда иштирок этган ва уни қўллаб-қувватлаган барчага, жумладан, мамлакат хавфсизлик кучларига» миннатдорлик билдирган.   

Ҳозирда Афғонистонда 2,5 мингга яқин америкалик ҳарбий қолган, НАТО давлатлари ҳарбий контингентининг жами сони эса 9,6 мингни ташкил этади. 

Аввалроқ Жо Байден Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар 2021 йил 11 сентябргача у ердан тўлиқ олиб чиқилишини маълум қилганди. Шундан кейин бир қатор давлатлар, жумладан, Британия, Болгария ва Грузия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишини эълон қилди.     

Мавзуга оид