Толиблар АҚШ кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши муддатидан норози бўлди
АҚШнинг илгариги маъмурияти Афғонистондаги Америка қўшинларини 2021 йилнинг 1 майигача олиб чиқиб кетишни режалаштирганди.
"Толибон" АҚШ президенти Жо Байденнинг Афғонистондан Америка қўшинлари 1 майдан бошлаб олиб чиқиб кетилишини икки томонлама келишувнинг бузилиши, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Tolo News телеканалига асосланиб “Интерфакс” хабар берди.
"Бу "Толибон"га ҳар қандай зарур қарши чоралар кўришга йўл очади ва шу ондан бошлаб келгусидаги оқибатлар учун Америка томони жавобгар бўлади", - дейилади толиблар баёнотида.
Аввалроқ "Толибон" ҳаракати Афғонистондан хориж қўшинларини олиб чиқиб кетиш муддати АҚШ ва толиблар ўртасидаги келишувдаги муддатдан ўзгарадиган бўлса, мамлакатдаги вазият кескинлашиши тўғрисида огоҳлантирганди, дея хабар беради Tolo News телеканали.
"Афғонистон ислом амирлиги барча хориж кучлари Доҳада имзоланган келишувда кўрсатилган муддатда олиб чиқиб кетилишига ҳаракат қилади. Агар келишувга амал қилинса, қолган масалаларни ечиш йўли топилади", - деб таъкидлаган толиблар вакили Забиҳулла Мужоҳид.
Аввалроқ Афғонистондаги АҚШ қўшинлари 2021 йил 11 сентябргача олиб чиқиб кетилиши маълум қилинганди. АҚШнинг илгариги маъмурияти эса буни 2021 йилнинг 1 майигача амалга оширишни режалаштирганди.