Жаҳон | 21:20 / 16.04.2021
36690
7 дақиқада ўқилади

«Аскар эмас, хабар жўнатиляпти» - Мутахассислар Россиянинг Украина бўйича сиёсати ҳақида

Украина атрофидаги кескин сиёсий вазият ва мамлакат чегарасига ҳарбий кучларнинг тўпланиши ортидан Ғарб зиддиятни янада кучайтириб юбормаслик борасида Россия президенти Владимир Путинни огоҳлантирди.

Фото: Getty Images

Москва эса айбловларни рад этиб келмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги улар НАТОнинг Европадаги «таҳдид солувчи» ҳаракатларига жавоб берганини таъкидлади. Шундан сўнг Оқ уй Путинга телефон қилди.

АҚШ президенти Жо Байден Путинга яқин ойларда икки томонлама саммит ўтказишни таклиф қилди. Айтиш жоизки, бир неча ҳафта олдин Байден журналистларга берган интервьюсида Россия раҳбарига нисбатан «қотил» сўзини қўллаган эди.

«Путин томонидан тангликни кучайтириш сиёсати олиб борилаётган ўйинда биринчи бўлиб қадамни Блинкен ташлади», дейди BBC билан суҳбатда журналист Константин Эггерт телефон қўнғироғига ишора қилар экан.

Украина чегарасига жойлаштирилган минглаб рус аскарлари, Қора денгиз томон йўл олган Америка ҳарбий кемалари ҳақидаги хабарлар ва Россия Ташқи ишлар вазирлигининг «ўз манфаатлари учун» ортга чекиниш кераклиги ҳақидаги огоҳлантиришлари Россиянинг Украинага босқин уюштириши яқинлашиб келаётгани ҳақидаги баҳсларнинг туғилишига сабаб бўлди. Хўш, Россиянинг режаси аслида ҳам шундайми?

Байденнинг ҳаракатини «офатнинг олдини олиш» сиёсати деб баҳолаганлар ҳам бўлди, имтиёзлар бериб хато қилди, деганлар ҳам бўлди.

Бошқа томондан, ўтказилиши кутилаётган саммит олдидан улкан ҳарбий ҳаракатларнинг юзага келиш эҳтимоли борган сари сусаймоқда.

«Байденнинг юзига бундай тарсаки тушириш давлат арбобига тўғри келмасди», дейди учрашув таклифини берган Байден устун вазиятда эканлигини таъкидлаган Эггерт.

Аскар эмас, хабар жўнатиляпти

Айни пайтда, Россия телевидениесидаги ток-шоуларда бошловчилар ва меҳмонлар Москванинг қудрат намойишини мақтаб, ўз мамлакатлари АҚШ ва НАТОнинг душманона ҳаракатларига қарши турганини таъкидлашмоқда. Шарҳловчилардан бири Байден «ўз жаҳлига енгилди», деган фикрни билдирди.

Россиялик сенатор Константин Косаевнинг «АҚШ Россиянинг ҳарбий устунлигини енгиб ўтиш имконсиз эканини кўрмоқда» деган изоҳи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Косаев икки давлат мулоқот столига қайтиши кераклигини таъкидлади.

Москванинг ҳарбий кучларни намойишкорона тўплаш ҳаракати «энди унинг Ғарб севадиган мамлакат бўлишга интилишни тўхтатиб, Ғарб қўрқадиган мамлакатга айланмоқчи» эканига ишора қилмоқда.

Путин бундан 7 йил олдин шарқий Украинага қўшин ва қурол-яроғ юборганда вазият бошқача эди. Ушбу махфий операцияларнинг мавжудлиги айни пайтга қадар рад этиб келинади. Бу сафар Россия қўшин юборишдан кўра хабар юборишни хоҳлаётгандай таассурот уйғотмоқда.

Киевнинг «гугурт ўйнайдиган болалари»

Россия Халқаро алоқалар кенгаши президенти Андрей Кортунов Россиянинг ёндашувини «олдини олиш» сиёсати сифатида таърифламоқда.

Кортунов Украинанинг мамлакат шарқида ўз ҳарбий кучини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини эсга олиб, Москванинг одимларини Россия қўллаб-қувватлаган кучлар назорати остидаги ҳудудларни йўқотмаслик учун қилинган ҳаракат сифатида тавсифламоқда.

Кремлнинг юқори лавозимли мулозими Киев томонидан ҳарбий қадам ташланиши «Украинанинг тугаши» бўлишидан огоҳлантирди ва Украина ҳукуматини «гугурт ўйнайдиган болалар»га ўхшатди.

Ҳозирги кунда Россиянинг ҳарбий аралашув учун қўлга киритган асоси бор.

2014 йилда Украинанинг шарқида бошланган можаролардан бери Донбассда яшовчи қарийб ярим миллион кишига Россия паспортлари берилган.

Кортунов Украина АҚШ ва Европанинг кўмаги билан ҳарбий қудратини оширганини эслатиб, ушбу «халқ республикалари»да жиддий хавф туғилгудек бўлса, Россия ушбу одамларни қутқариш учун минтақага кириб боришдан тортинмайди», деган фикрни билдирди.

«Тўғридан тўғри ҳарбий аралашувдан Путинга фойда тегадиган ҳеч нарса кўрмаяпман. Менинг фикримча, Россиянинг сиёсати мавжуд вазиятни сақлаб қолишга қаратилган. Москвада Украинанинг тўпланиб қолган муаммолари ва Ғарбдаги Украина чарчоқлари остида қолиш хавотири мавжуд», дейди Кортунов.

Вашингтонга хабар

Масаланинг АҚШ билан боғлиқ томони ҳам бор.

Вашингтон яқинда НАТОга аъзо бўлиш истагини такрор билдирган Украинанинг бу талабига қарши турган ва минтақа келажагини ўзи белгилашни истаган Россияни огоҳлантирди.

Баъзи шарҳловчилар Москва АҚШ сайловларига аралашгани ва киберҳужумлар уюштиргани ҳақидаги даъволардан кейин Байден маъмуриятининг санкцияларидан қочишга ҳаракат қилмоқда, деган фикрда.

«Россия вазиятнинг жиддиятини кучайтиришга уринмоқда: у ўз мамлакатига оғир бадал тўлатмоқчи бўлганлар ҳам оғир товон тўлаши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи – ҳатто бу ёндашув янада оғир санкцияларга олиб келиши мумкинлигини билса-да», дейди ташқи сиёсат бўйича таҳлилчи Михаил Троицкий.

«Тангликнинг кучайиши хавфли, чунки у қачондир назоратдан чиқиб кетиши мумкин», деб қўшимча қилади Троицкий.

Россия давлат телеканалларида «фашистик Украина» ҳақида доимий равишда баҳс юритилаётган бўлса-да, ҳамон коронавирус эпидемияси билан курашаётган рус халқи Россияни катта урушга киришда қўллаб-қувватлаши шубҳали. Айниқса, эҳтимолий санкциялар ва нефть нархининг пасайиши қўрқитиб турган бир вазиятда.

Кортуновнинг таъкидлашича, Россия Украинанинг бир қисмини қўшиб олган 2014 йилдан фарқли ўлароқ, ҳозирда одамларнинг эътибори эпидемия ва ўз муаммоларига қаратилган.

2008 йилги Россия-Грузия уруши икки куч тўқнашганда кескинлик қанчалар тез кучайиши мумкинлигини яққол кўрсатганди. Ҳеч ким Путиннинг Қримни аннексия қилишга журъат этишига ишонмаганди. Аммо Донбассни ҳимоя қилиш анча қонли ва хавфли операция бўлар эди.

Кейинги ҳафта Путин ҳар йили бўлгани каби «халққа мурожаат» билан чиққач, унинг режаси нимадан иборат экани аён бўлиши мумкин. Россия раҳбари ушбу платформадан Ғарбга қарши уруш таҳдидлари йўлида фойдаланиши билан машҳур.

Байденнинг қўнғироғи эса унга можародан қайтиш имкониятини берган бўлиши мумкин. Константин Эггерт буни қуйидагича изоҳлайди: «Менимча, Путин нафақат Европа, балки АҚШ маъмуриятининг ҳам эътиборини тортди, уларни қўрқитди. У бундай қилишни яхши кўради».

Мавзуга оид