Ўзбекистон | 12:47 / 16.04.2021
8935
2 дақиқада ўқилади

Юзлаб самарқандлик шифокорлар хорижда юришибди, келишсин, шароитни яратиб берайлик – Шавкат Мирзиёев

Самарқанд вилоятидаги ижтимоий соҳа объектлари учун республика бюджетидан қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бир йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасига хорижда юрган ўзбекистонлик малакали мутахассислардан камида 100 нафарини жалб этиш чоралари кўрилади.

«Бир вақтлар ном қозонган Самарқанд тиббиёт институтининг туманлар билан ҳамкорлигини кучайтириш керак. Мана, коронавирус бизга кўрсатди, соғлом турмуш тарзига амал қилганлар касалликдан енгил ўтишди. Тиббиётни жойига қўймасак, одамлар биздан рози бўлмайди», деган президент.

Икки ой муддатда вилоятдаги эндокринология, травматология, онкология, кардиология шифохоналарида тиббий туризм бўлимлари ташкил этишни таъминлаш бўйича кўрсатма берилган:

  • Самарқанд қурилиш коллежининг бино-иншоотлари негизида хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат «Тиббиёт кластери»ни ташкил этиш чоралари кўрилади;
  • хорижда ишлаб юрган самарқандлик тиббиёт мутахассисларини ишга таклиф этиш учун, вилоят ҳокимлигида жамғарма ташкил этиш ва уларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш бўйича таклиф киритилади;
  • ушбу янги тажриба орқали 1 йил ичида камида 100 нафар малакали мутахассисни жалб этиш чоралари кўрилади. 

«Мана шу нуқтага эътиборингизни қаратмоқчиман. Керак бўлса 500 кишини таклиф қилиш керак. Юзлаб самарқандлик шифокорлар хорижда юришибди, келишсин, шароитни яратиб берайлик. Мана, пандемия пайтида хорижликлар келиб тажрибамизни ўрганишди, юқори баҳо беришди.

Қўчқоров, Ишметов вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари учун республика бюджетидан қўшимча 200 миллиард сўм ажратсин», – дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид