Тошкент шаҳридаги Президент мактаби – 144 нафар ўқувчи ва 35 нафар ўқитувчидан иборат катта жамоа. Ҳар бир синфда 12 нафардан ўқувчи таълим олади. Мактабда дарслар 8:30да бошланиб, 15:30гача давом этади. Дарслар якунлангач, ўқувчилар турли фан тўгаракларига қатнайди. Мактабда қўнғироқлар ўрнига ўқувчиларга руҳан тетиклик ва мотивация берувчи танланган қўшиқлар жаранглайди.

Мактаб 5 кунлик таълим тизимида ишлайди. Шанба ва якшанба кунлари ўқувчилар уйига жўнайди. Бу йил мактабни 24 нафар ўқувчи битиради. Битирувчилар IELTS имтиҳонидан ўртача 7 баллни қўлга киритган бўлса, улар орасида бу имтиҳондан 8,5 балл олганлари ҳам бор.

Мактаб синфхоналари ҳар бир фан учун махсус жиҳозланган. Хоналарга киришда ўрнатилган электрон доскаларда дарс жадвали, танаффус вақти, ўқитувчи ҳақида қисқача маълумот берилган.

“Мактабнинг менга ёққан жиҳатларидан бири бу – биз бу ерда яшаймиз ва ўқиймиз. Aгар олдинги мактабимизда директор хонаси олдидан ўтишга қўрққан бўлсак, бу ерда директор ва директор ўринбосари олдига келиб, уларга шикоятларимизни айтишимиз мумкин”, – дейди 11-Blue синф ўқувчиси Шаҳризода Ризоқулова.

Шаҳризода Ризоқулова

Президент мактаблари билан ишлаш бўлими раҳбари ўринбосари Гавҳар Ишимованинг айтишича, синф дизайнида фойдаланилган ҳар бир элемент ўқувчига мотивация бериш, ўзига ишонч ҳосил қилиш учун йўналтирилган. Ётоқхона дизайнида ҳам ўқувчиларга мотивация берувчи чақирув сўзлари, иқтибослардан фойдаланилган. Президент мактабларининг устун томони иқтидорли ўқувчилар бир жойда йиғилгани ҳисобланади. Бу уларга ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини беради.

Синф хоналарига деворлар ўрнида ойналар қўйилган. Мактаб маъмурияти бу орқали ўқув жараёнига халақит бермасдан, дарсларни кузатиши мумкин. Мактабда қўшимча машғулотларни тоза ҳавода ўтиш имконияти ҳам яратилган.