Ўзбекистон | 18:31 / 11.05.2021
18883
2 дақиқада ўқилади

«Президент мактабларида "катта"ларнинг эмас, оддий оилаларнинг болалари ўқияпти» — агентлик

ПМ ўқувчиларининг 70 фоизининг ота-онаси – ўқитувчи, деб маълум қилди Президент мактаблари агентлиги директори.

Президент мактабларида мансабдорлар болалари ўқийдими, деган саволга Президент мактаблари агентлиги директори ўринбосари Aмирулла Aбдуллаев жавоб берди.

«Мисол учун, Тошкент шаҳридаги Президент мактаби болаларининг оилавий келиб чиқишини оладиган бўлсак, кирган болаларнинг катта қисми – Сергели туманидаги 300-мактаб ўқувчилари.

Бемалол кўриш мумкин, уларнинг ҳаммаси, ҳозир айтганингиздек, вазир ёки мансаби катта одамларнинг эмас, оддий оилалардан чиққан болалар. Бу кириш имтиҳонлари жуда ҳам шаффоф бўлганини англатади

Мактаблар очилганига 2 йил бўляпти, ҳали битирувчиларимиз йўқ, лекин шу қисқа муддат ичида сарҳисоб қиладиган бўлсак, кўплаб болаларимиз нуфузли халқаро олимпиадаларда қатнашиб, биринчи ўринларни, олтин медалларни қўлга киритишди. Мана шунинг ўзи, менимча, ҳозирги саволингизга жавоб бўлади. Яъни танлаганимизда тўғри йўл танлаганмиз. Болаларни саралашда ҳам шаффоф баҳолаш бўлган», – деди Абдуллаев 11 май кунги матбуот анжуманида.

Aгентлик директори Ҳилола Умарованинг қўшимча қилишича, агентлик тасарруфидаги 70 фоиз ўқувчиларнинг ота-оналари – устозлар.

«Ўтган гал Хива шаҳрида 11-синф ўқувчимиз олимпиадада 1-ўринни олиб, отасига машина совға қилди. Ота – математика фани устози, она – уй бекаси. Яна бир мисол, Aл-Хоразмий мактабининг 7-синф ўқувчиси тенгдошлари кесимида 1-ўринни олиб, отасига «Nexia» совға қилди. Унинг ҳам онаси – устоз, отаси – ветеринар», – деди у.

Маълум қилинишича, мактаблардан муносиб номзодларни саралаш бўйича Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда қўшма қарор тайёрланяпти. Унга кўра, бунда директорларга кўпроқ масъулият юкланади.

Шу билан бирга, қайси мактаб ўқувчилари Президент мактабларига кирса, шу мактабларнинг директорлари рағбатлантирилиши мумкин.

Мавзуга оид