Жамият | 15:25 / 04.06.2021
13072
2 дақиқада ўқилади

Қайси ҳолларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатлар қабул қилинмаслиги маълум бўлди

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатлар қабул учун белгиланган муддат тугаганидан кейин қабул қилинмайди. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган, маълум бир синфни такроран ўқимоқчи бўлганларнинг ҳужжатлари ҳам рад этилади.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатлар қайси ҳолларда рад этилиши ҳақида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ижод мактабларини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Шерзод Худойқулов маълумот берди.

Унга кўра, талабгор белгиланган муддатлардан кейин саралаш танловида иштирок этиш хоҳишини билдирган тақдирда, талабгор таълим олаётган мактабининг ҳудудий мансублигига мос келмаган ҳолда (ижод мактаблари бундан мустасно), ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда, тақдим этилган ҳужжатларнинг ёзувлари, муҳрдаги ёзувлар сифатсиз ҳолда нусхаланган бўлса, чет эл фуқароси бўлса, умумтаълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган ва президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларида худди шундай синфда такроран ўқиш истагида бўлса, бундай ҳужжатлар қабул қилинмайди.

Шунингдек, Президент мактабларига ҳужжат топшираётган талабгор ўқув йили натижасига кўра, синфлар бўйича талаб қиладиган фанларни аъло баҳога тугатмаган бўлса, уларнинг ҳужжати ҳам қабул қилинмайди.

“Яъни, биз талаб қиладиган STEAM фанлари бор. Шу фанлардан талабгорнинг йиллик баҳоси 4 бўлса, бу ўқувчининг ҳужжатлари рад этилади. Aгар ўқувчининг чорак баҳоси 4 чиққан бўлса, кейинги чоракда баҳосини яхшилаб, 5га тўғрилаган бўлса, яъни йиллик баҳоси 5 чиққан бўлса, демак, ўқувчи ҳужжат топшириши мумкин бўлади. Биз фақат йиллик баҳоларини инобатга оламиз”, деди Шерзод Худойқулов.

Мавзуга оид