Жаҳон | 15:42 / 19.04.2021
3903
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда антирекорд: бир суткада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 274 мингга яқин ҳолат қайд этилди

Инфекция тарқалиши авж олганига қарамасдан, сиёсатчилар сайлов арафасида бутун мамлакат бўйлаб оммавий митинглар ўтказишда давом этмоқда.

Ҳиндистонда 19 апрел куни коронавирус юқтириш билан боғлиқ рекорд кўрсаткич қайд этилди – бир сутка ичида 273 810 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, ҳозирда Ҳиндистон шифохоналарида беморлар оқими сабабли койка ва кислород захиралари етишмаяпти. Сутка давомида 1619 киши касалликдан вафот этган ва пандемия бошланганидан буён вафот этган беморлар сони 178 793 нафарга етган.

Инфекция тарқалиши авж олганига қарамасдан, сиёсатчилар сайлов арафасида бутун мамлакат бўйлаб оммавий митинглар ўтказишда давом этмоқда, деб ёзади агентлик.

Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли маъмурияти соғлиқни сақлаш тизимидаги инқирозни бартараф этиш учун федерал ҳукуматни шифохоналарни кўпроқ койкалар билан таъминлашга чақирди. Шаҳардаги аксарият бозорлар 25 апрелгача ишламаслиги эълон қилинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 15 миллион нафардан ошган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид