22:38 / 19.04.2021
11191

Ички ишлар органлари ходимларининг профессионаллигини ошириш бўйича янги тизим жорий этилмоқда

Ўзбекистон президентининг «Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан эътиборан ички ишлар органларида хизматни ўташ тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи узлуксиз ўқув-карьера жараёни тизими жорий этилди:

  • ички ишлар органлари раҳбар таркибининг тегишли лавозимларига тайинланиш учун Академия магистратурасида ўқиш шартлиги;
  • ходимларга махсус унвонлар берилишининг ҳамда сафдор ва сержантлар таркибидаги ходимлар офицерлик лавозимларига тайинланишининг асосий талабларидан бири сифатида уларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиши зарурлиги.

Ҳужжатда белгиланишича: 

  • ички ишлар органларининг узлуксиз ўқув-карьера жараёни тизими тегишли тартиб бўйича амалга оширилади;
  • раҳбар таркибидаги тегишли лавозимларга тайинлаш учун Академиянинг иккинчи даражали магистратура дипломига эга бўлишга оид талаб 2022 йил 1 сентябрдан, биринчи даражали магистратура дипломига эга бўлишга оид талаб эса 2024 йил 1 сентябрдан кучга киради.

Шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:

  • Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиби бўлган битирувчиларининг Академияга ўқишга қабул қилиниши учун фақат махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтишлари етарли ҳисобланади;
  • 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ишлар органларининг сержант таркибидаги лавозимларида хизматни ўташ учун фақат олий маълумотга эга бўлган шахслар қабул қилинади;
  • 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ишлар органларининг сафдор таркибидаги лавозимларига номзодлар фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий-академик лицейлар битирувчилари, профилактика инспекторининг ёрдамчилари, шунингдек, олий маълумотга эга ёки сиртқи таълим шакли бўйича таҳсил олаётган шахслар орасидан қабул қилинади;
  • Академиянинг сиртқи таълим шаклига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати томонидан ҳар йили белгиланадиган қўшимча квота бўйича бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучларда камида уч йиллик ҳарбий хизмат (хизмат) стажига эга бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Академия курсантларининг ўқишда, маънавий-маърифий ва спорт-маданий соҳаларда юқори натижаларга эришишга бўлган интилишларини рағбатлантириш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида Жалолиддин Мангуберди номидаги идоравий стипендия таъсис этилади.

Идоравий стипендия ҳар ўқув йили якунига кўра 1 сентябрь куни берилиши таъминланади.

Идоравий академик лицейлар ва Ички ишлар вазирлиги Ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўқишда юқори натижаларга эришган ўқувчилари учун кўкрак нишони таъсис этилади.

Top