11:13 / 20.04.2021
8133

Нурободдаги олис ҳудудда дарс бераётган ўқитувчилар «Халқ таълими аълочиси» бўлди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги олис ҳудуддаги мактабда дарс бераётган бухоролик ўқитувчилар оиласини “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлади.

Вазирнинг маълум қилишича, 1,5 ставка дарс соати олган, олий ёки биринчи тоифали CEFR сертификатига эга инглиз тили ўқитувчиси олис ҳудуддаги “қизил” мактабда дарс ўтса 10 млн атрофида маошга эга бўлиш билан бирга, йиллар давомида инглиз тили ўқитувчиси бўлмаган шундай мактаб ўқувчиларининг келажагига жуда катта ҳисса қўшади.

“Нуробод туманининг олис ҳудудида йиллар давомида инглиз тили дарси ўтилмаган “қизил” мактабга бухоролик эр-хотин инглиз тили ўқитувчилари сифатида келгани ушбу мактаб ўқувчилари учун таълим сифатини оширишга кўмак беришни бошлаганининг гувоҳи бўлиб, уларга миннатдорчилик сифатида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини топшириб келдик. Шундай фидойи ўқитувчиларимиз кўпайса, албатта, таълим сифати паст мактабларда ҳам ижобий ўзгаришлар тезроқ бўлади”, дея таъкидлаган Шерзод Шерматов.

Шунингдек, вазир Нуробод туманининг олис ҳудудларига бориб ишлаётган бошқа ёш ўқитувчилар билан ҳам учрашганини ва улар орасида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидан келган ўқитувчи ҳам борлигини ёзди. Бу ерга келган ўқитувчиларнинг деярли ҳаммаси 1,5 ставкадан дарс беради. Чунки вакант соатлар анчагина.

Халқ таълими вазири ўз уйини, қулай шароитини ташлаб келган бу ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирган ва келгусида шу каби ният қилиб борадиган ўқитувчиларга қўшимча қулайлик яратиш учун “Янги Ўзбекистон устозлари” лойиҳаси орқали марказлашган равишда ҳужжат топшириши учун имконият яратиб, мурожаат телефонлари ишга туширилганини айтган.

Шерзод Шерматовнинг қайд этишича, Нурободдаги мазкур мактабга Самарқанд шаҳридан 3 соатлик йўл босилади. Айни пайтда ўқувчилари сони кўпайгани учун мактабга қўшимча бино ва спортзал ҳам қуриш керак, лекин ҳозирги кундаги энг яхши сармоя айнан малакали ўқитувчиларнинг келиши бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz мухбири мазкур оила билан боғланиб уларнинг яшаш тарзи, олис ҳудудда иш бошлашда дуч келган қийинчиликлари ва маошлари ҳақида маълумот олган эди.

Top