Жамият | 20:16 / 22.04.2021
4174
4 дақиқада ўқилади

Сўғд, Баткен вилояти делегациялари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди

Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги Тожикистон ҳамда Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев бошчилигидаги Қирғиз делегацияси Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Водилдаги вилоят ҳокимлиги “Қабуллар уйи”да “Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум олдидан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, икки қўшни давлат делегация аъзоларининг кенгайтирилган тартибдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров учрашувда сўз олиб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг ҳудудлараро савдо-иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун бир қатор таклифларни илгари сурди.

Жумладан, вилоят раҳбари Бешариқ туманида Тожикистон билан чегара ҳудудида “Андархон” назорат-ўтказиш пункти ёнидаги майдонда “Қўқон эркин иқтисодий зонаси”га боғлиқ Эркин савдо зонаси ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлари давом этаётгани, бу эса ҳар икки мамлакатдан эркин кириш ва чиқиш имконияти яратиши, минтақавий улгуржи ва чакана савдони ривожлантириш учун катта қадам бўлишини таъкидлади.

Хайрулло Бозоров, шунингдек, Фарғонада Баткен ва Сўғд савдо уйларини, чегарадош бу икки вилоятда эса Фарғона савдо уйини ташкил этиш, олий таълим соҳасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини йўлга қўйиш каби бир қатор таклифларни илгари сурди. 

Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода Тожикистон ҳам пахта хом-ашёси экспортидан воз кечиш ҳаракатида эканини билдириб, Фарғона вилояти тадбиркорлари учун пахтани қайта ишлаш ва текстиль соҳасида ҳамкорлик истиқболлари очилаётганини таъкидлади. Аҳмадзода Фарғона водийсига сифатли ва арзон кўмир экспорти қилиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Учрашувда сўз олган Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев, Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси экани Фарғона ва Сўғд вилояти бизнеси учун қўшимча имконият йўлаги эканини таъкидлади. 

Учрашувдан сўнг Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида делегация раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди.

Форум аввалида меҳмонлар вилоятда ишлаб чиқарилган текстиль, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, чарм, қурилиши маҳсулотлари, тиббиёт жиҳозлари кўргазмаси билан танишди.

Бизнес-форумда ҳар бир вилоят раҳбарлари томонидан ўз вилоятлари иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Бизнес-форум иштирокчилари эътиборига ҳар уч вилоят ҳақида маълумот жамланган видеоролик намойиш этилди.

“Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум якунида Хайрулло Бозоров ва Ражаббой Аҳмадзода томонидан Фарғона вилояти ва Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланди.

Бешариқ тумани ва Конибодом шаҳри, Бувайда тумани ва Гулистон шаҳри, Данғара ва Бобожон Ғофуров туманлари, Ўзбекистон тумани ва Исфара шаҳри, Учкўприк тумани ва Бўстон шаҳри, Фарғона тумани ҳамда Баткен вилоятининг Қадамжой тумани ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Делегация аъзолари эртага 23 апрель куни “Қўқон” ЭИЗга ташрифи доирасида  бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиши кўзда тутилган.

Сарвар Зияев

Мавзуга оид