Ўзбекистон | 09:51 / 26.04.2021
5405
4 дақиқада ўқилади

Ўгай онаси дарёга улоқтирган қизни қутқарган йигитча: «Бу қаҳрамонлик эмас, тасодифий ёрдам»

19 апрел куни ижтимоий тармоқларда Бувайда тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Ойимтарра каналига ёш қизча номаълум аёл томонидан уриб, ташлаб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, фуқаро М. қонуний турмуш ўртоғи Б.ни у шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган фуқаро М.дан рашк қилиб, ўч олиш мақсадида унинг 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизи Ф.ни 14 апрель куни мактабдан алдаб чақириб чиқади. Сўнгра М. вояга етмаган, 9 ёшли Ф.ни Ойимтарра канали яқинига олиб келиб, қасддан ўлдириш мақсадида номаълум жисм билан унинг бош соҳасига уриб, каналга ташлаб юборади.

Ушбу воқеага бевосита гувоҳ бўлган 16 ёшли Шуҳрат Янгиевнинг жасорати туфайли Ф. каналдан қутқариб олиниб, ҳаёти сақлаб қолинган. Унинг ушбу қаҳрамонлиги ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан олқишланди.

Kun.uz мухбири қизалоқни каналдан қутқариб олган жасоратли йигит Шуҳрат Янгиев билан суҳбатлашди. У Бувайда туманидаги 2-мактабининг 9 синф ўқувчиси.

«Чиркай деган қишлоқда боғимиз бор. Ўша куни мактабдан қайтиб уйга бордим. Кийимларимни алмаштириб, велосипедимни миндим-да боғ томон кетдим. Боғимизнинг ёнида канал оқиб ўтган. Кўпинча бўш вақтларимда шу канал ёнида дам олиб ўтираман, боғдан кўз-қулоқ бўлиб тураман.

Ўша куни канал ёқасида ўтирганимда канал ёқалаб бир аёл ва қизча она-болага ўхшаб етаклашиб кетаётганини кўрдим. Ҳаммаси бир зумда содир бўлди. Мендан озгина нарёқда ўтирган дадам ҳам уларни кузатиб ўтирган экан.

Менга ҳам дадам айтди: «Бор, ўғлим бориб қара. Аёл анави қизчани бошига уриб, сувга отворди», деди. Сўнг мен велосипедимни миниб канал бошига бордим. Мен боргунимга қадар аёл машинага ўтириб, қочиб кетди.

Борганимда қизча, каналда эски чархпалак бор эди ўша чархпалакка осилиб қолган экан. Бир қўли билан чархпалакка аранг илиниб турганди. Мени кўрди-ю «Жон акажон мени қутқаринг», деб бақириб йиғлай бошлади. Каналга тушиб, қизалоқни сувдан олиб чиқдим. Шу вақт оралиғида дадам ҳам етиб келишди. Кейин «тез ёрдам»га, ИИБга қўнғироқ қилдик. Улар келиб, қизчани касалхонага олиб кетишди», дейди Шуҳрат Янгиев.

Қаҳрамон йигитчанинг фикрича, унинг ҳаракатлари шунчаки бахтли тасодиф.

«Бир қизчанинг умрини сақлаб қолиш пешонамда бор экан. Қўрқув бўлмади, ҳаяжон бўлди. «Қутқара олмасам-чи?» деган ўй бор эди. Агар қизчанинг қўли чархпалакдан узилса тамом эди — сув домига тортиб кетарди. Аксига олиб, ўша куни каналда сув ҳам кўп эди.

Ота-онам, яқинларим, устозларим ҳам ўзимга тутинган сингил топиб олганимни такрор-такрор айтишмоқда. Чиндан ҳам, шу воқеа сабаб тутинган сингилга эга бўлдим. Бир инсоннинг умрини сақлаб қолиш нима эканлигини тушуниб етдим».

Мактаб ўқувчиси Ш.Янгиевнинг бу ҳаракатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида Фарғона вилоят прокурори ва вилоят ИИБ бошлиғининг буйруқлари билан унга ташаккурнома эълон қилиниб, тадбирда эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Воқеанинг яна бир қаҳрамони сувдан қутқариб қолинган қизалоқнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида Бувайда тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлдик.

Шифокор маълум қилишича, қизчага шу куннинг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Унинг бошини тепа қисми ёрилган бўлган. Керакли муолажалардан сўнг, беморнинг ота-онаси қизчани касалхонага ётқизишдан бош тортиб, уй шароитида даволашга олиб кетган. Шундай бўлса-да, қизалоқ оилавий шифокорлар томонидан назоратга олиниб, доимий кузатувда эканлигини таъкидлади. 

Мавзуга оид