Жамият | 18:07 / 29.04.2021
1757
1 дақиқада ўқилади

Чет эл валютасининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланган шахслар 3 йилга озодликдан маҳрум этилди

2020 йилнинг 1 октябрь куни ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Янгиқўрғон туманининг “Қизилёзи” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегараси яқинида жойлашган назорат ўтказиш масканида, маҳаллий фуқаро А.Ю. бошқарувидаги “Дамас” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилади. Текширув жараёнида автомашинанинг узатмалар қутиси ғилофи орасига яшириб қўйилган 938 минг 400 россия рубли ва 486 минг қирғиз соми борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, 2020 йилнинг сентябрь ойи охирларида қирғизистонлик “Канибек” исмли шахс Косонсой тумани бозорида маҳаллий фуқаро, муқаддам судланган О.Р. билан кўришиб, унга юқорида кўрсатилган россия рубли ва қирғиз сомини берган ҳамда вақтинча сақлаб туришини илтимос қилган.

2020 йилнинг 1 октябрь куни “Канибек” О.Р. билан боғланиб, пулларни Қирғизистонга ўтказиб бериши керак бўлган Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи А.Ю.дан бериб юборишини сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг ҳукмига кўра, О.Р. ва А.Ю.лар Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ашёвий далил сифатида олинган 938 минг 400 россия рубли ва 486 минг қирғиз соми давлат фойдасига мусодара қилинган.

Мавзуга оид