19:12 / 29.04.2021
4680

«Вақф» фонди 3 та таълим даргоҳига 495 млн сўмлик техник жиҳозлар хайрия қилди

Тошкент ислом институти, «Кўкалдош» ва «Хадичаи Кубро» ислом билим юртлари компьютерлар, смарт-доскалар ва бошқа техник жиҳозлар билан таъминланди.

Масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш «Вақф» хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан ҳисобланади, дея хабар бермоқда фонд матбуот хизмати.

Қайд этилишича, фонд томонидан Ўзбекистондаги масжидлар ва диний таълим муассасаларига китоблар ва таълим учун зарур моддий техникалар беғараз тақдим этиб келинмоқда.

«Жумладан, жорий йилнинг апрель ойи давомида пойтахтимиздаги 3 та диний таълим даргоҳларига ҳам жами қиймати 495 299 000 сўм қийматдаги замонавий компьютер жиҳозлари хайрия қилинди

Хусусан:

  • Тошкент ислом институтига 142 779 000 сўмлик 19 та компьютер жамланмаси, 1 та смарт-доска ва принтер;
  • «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртига 187 954 000 сўмлик 9 та смарт-доска ва техник жиҳозлар;
  • «Хадичаи Кубро» ўрта махсус ислом билим юрти талабаларига 164 566 000 сўмлик 10 компьютер жамламаси, смарт-доска, замонавий фото-видео камера ҳамда принтер ҳомийлар ҳисобидан хайрия қилинди.

Умид қиламизки, ушбу техник жиҳозлар таълим сифатини янада ошириш ва такомиллаштиришга ҳисса қўшиб, талабаларимизни ҳам диний ҳам дунё билимларни пухта эгаллашларида ёрдам беради.

Мазкур хайрияга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонларни Аллоҳ таоло мукофотласин!» – дейилади расмий релизда.

Top