Инфляция, нархлар ўсишига таъсир қилаётган омиллар ва иқтисодий хатарлар – МБ вакили билан суҳбат
Kun.uz’да навбатдаги суҳбат инфляция, унга таъсир этувчи омиллар ва иқтисодий ўсишни таъминлаш чоралари ҳақида бўлди. Ўзбекистон Марказий банки департамент директори Нодирбек Очилов мавзуга оид фикрлари билан ўртоқлашди.
— Суҳбатимизни Ўзбекистонда айни пайтдаги инфляция қай даражада барқарорлиги ҳақидаги саволдан бошласак. Умуман олганда, 10,9 фоиз экани айтилаётган бу кўрсаткични мамлакат иқтисодий ҳолати нуқтайи назаридан яхши, дея оламизми?
— Авваламбор, инфляция даражаси деганда, биз кўпроқ иқтисодиётдаги нархларнинг ўсиш суръатларини умумий бир ҳолда тушунамиз. Яъни танлаб олинган маҳсулотлар, хизматлар нархлари йил давомида умумий ҳисобда қанчалик ўсгани тушунилади.
Агар эътибор берилса, 10,9 фоиз инфляция шакллангани билан унинг таркибидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 13,8 фоизни ташкил этди.
Худди шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотларининг йиллик ўсиши 8,8 фоиз, хизматларники 8,3 фоизга ўсди. Буни таркибий жиҳатдан таҳлил қиладиган бўлсак, айнан озиқ-овқат гуруҳидаги товарларимизнинг нархлари бироз юқори даражада ўсишини кўрсатмоқда.
Бу йил базавий прогнозимиз бўйича, асосий сценарийимизга кўра, инфляция даражаси 9-10 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Умумий инфляция даражаси бугунги кунда прогноз коридоримиз доирасида пасайиб боряпти. Лекин айнан ўша озиқ-овқат гуруҳидаги нархлар бироз юқорилигича сақланиб қоляпти. Бу бевосита бир қанча омилларни ўз ичига олади.
Биринчидан, жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат товарлари нархининг ўсиши. Бунга ҳам жуда кўп омиллар таъсир қилади. Масалан, ҳосилдорлик даражаси, об-ҳаво шароитлари, ташқи бозордаги логистика, умуман, бизнинг савдо ҳамкорларимиз томонидан ушбу маҳсулотга нисбатан қўлланаётган маълум бир чекловлар бу маҳсулотлар нархининг импорт жиҳатдан ошишига олиб келмоқда.
Иккинчи омил – бизнинг ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа маҳсулотлар импортига боғлиқлигимиз бор. Бу ердаги рақобат шароитлари, транспорт логистика масалалари ҳам нархларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Айнан ноозиқ-овқат товарлар нархлари ўсиши бизни бироз хавотирга соляпти. Кейинчалик буни пасайтириш бўйича ҳукумат билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқиляпти. Албатта, таклифлар амалиётга жорий қилиниши ўзининг ижобий натижасини беради.
— 2021 йил якунида йиллик инфляцияни камида 10 фоизга пасайтириш мақсад қилинганини айтдингиз. Сўнгги пайтларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ўсиб бормоқда ва бу инфляцияга таъсир қилувчи омиллардан ҳисобланади. Бунинг кўзланган натижага таъсири салбий бўлиши ҳам мумкинми?
— Биз 9-10 фоизлик прогнозни ишлаб чиқиш жараёнида барча омилларни инобатга олдик. Албатта, уларни икки йўналишга бўлишимиз мумкин. Биринчиси, монетар омиллар. Бу бевосита иқтисодиётдаги ялпи талаб даражаси ва уни қўллаб-қувватловчи таклиф билан боғлиқ.
Иккинчиси, номонетар омиллар. Монетар омилларни пасайтириш бўйича Марказий банкда барча инструментлар етарли.
Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича стратегия ишлаб чиқилиши, ундан ташқари, ҳукумат даражасида кўрилаётган чоралар озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ҳам келгусида пасайишига имкон беради.
Умуман олганда, биз жаҳон нархлари прогнозларига эътибор берадиган бўлсак, келгуси йил учун ёғ ишлаб чиқариш октябр ойларига бориб пасайиш трендига эга. Яъни ҳосил куз ойларида етиштирилади (ўсимлик ёғи ҳам). Куздан кейин ушбу маҳсулот нархида бироз пасайиш бўйича фючерс шартномалари тузиляпти.
Асосий прогнознинг ўзида ҳам барча хатарларни инобатга олганмиз. У хатарлар бўлмаган шароитда, прогнозимиз қуйи коридордаги хатарларга яқинлашади. Бундай олиб қараганда, озиқ-овқат гуруҳининг инфляцияга таъсири 30-35 фоиз атрофида, деб қаралмоқда.
Бугунги кунда умумий истеъмол саватчасида озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи бор. Асосан ёғ маҳсулотларини оладиган бўлсак, улар максимал ўсган тақдирда ҳам, инфляцияга умумий таъсири кичик суммаларда кўринади. Сабаби истеъмол таркибида бошқа яна 510та товар ҳам бор.
Шу нуқтайи назардан агар хатарлар юзага келадиган бўлса, авваламбор инструментларимиз орқали чора кўрамиз, ундан ташқари, прогнозимизни озроқ юқори томонга қараб кўриб чиқишимиз мумкин. Яъни бугунги кунда бераётган 9-10 фоизни юқори чегарасигача кўриб чиқамиз. Бу, албатта, жуда кўп омилларга боғлиқ.
— Иқтисодчилардан бири айни пайтда Марказий банк асосий эътиборни инфляцияни туширишга қаратаётгани нотўғри экани, аввало, иқтисодий ўсиш ва инфляция кўтарилишига таъсир этувчи омилларни бартараф қилиш зарурлигини айтди. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?
— Ҳозирги кунда жаҳон молия ташкилотлари, халқаро валюта фонди ҳам иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигига жуда катта эътибор қаратишяпти. Умумий олганда, иқтисодий ўсиш номинал кўрсаткичларда бўлиши мумкин. Масалан, йилига 5-6-7-8 фоиз.
Лекин у иқтисодий ўсиш одамлар ҳаётида акс этмаса ёки аҳоли даромадларининг ўсишига, харид қобилиятини сақлаб қолишга ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмаса, фақат рақамлардан иборат бўлиб қолади.
Шу нуқтайи назардан инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш бизнинг асосий мақсадимиз. Яъни иқтисодий ўсиш билан биргаликда аҳоли турмуш даражаси, даромадлари ва харид қобилияти ҳам ошиб бориши керак.
Бевосита мана шу уч кўрсаткичга энг катта таъсир кўрсатадиган омил, бу инфляция кўрсаткичидир.
Тасаввур қилинг, бугун оладиган 1-2 ёки 3 млн сўм даромадимиз, эртага инфляция таъсирида 10 фоизга қадрсизланса, бундан олинадиган фойда ва самара ҳам кам бўлади.
Шу сабабли ушбу маблағлар харид қобилиятининг сақлаб қолиниши инфляциянинг паст бўлиши билан боғлиқдир.
Бундан ташқари, инфляция пасайган шароитда инвесторларнинг мамлакатга бўлган ишончи жуда юқори бўлади. Макроиқтисодий барқарорлик бўлган жойда иқтисодий ўсишга фундаментал асослар яратилади.
Тасаввур қилинг, сиз тадбиркорсиз. Ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчисиз. Ишчи кучи жалб қиласиз ёки маблағларингизни бирор лойиҳага тикмоқчисиз. Сиз учун энг муҳим нарса келажакдаги нархлар қандай даражада бўлиши.
Албатта, сиз агар келажакда ноаниқликлар бўлса ёки 2-3 йилдан кейин вазият қандай бўлишини баҳолай олмасангиз, пул тикишга ҳам қийналасиз ёки бу жараёнда сизга жуда катта тўсиқлар юзага келиши мумкин. Яъни келажакни кўра олмаслик, макроиқтисодий беқарорлик мавжудлиги инвестор ва тадбиркор учун эртанги кунга бўлган ишончни камайтиради.
Бевосита эртанги кунга бўлган ишонч камайиши, инвестициялар камайишига, ишлаб чиқариш пасайишига олиб келади. Бунинг инвестицион барқарорликка ҳам таъсири бор.
Тўғридан тўғри инвестициялар ҳам келгусида инфляция даражаси қандай бўлиши ва макроиқтисодий барқарорлик билан боғлиқ бўлади. Бевосита инвестицион муҳитнинг яхшиланиши, инвестицияларнинг кўпайиши келгусида иқтисодий ўсишга ҳисса қўшади.
Мақсадимиз инклюзив – ҳар бир инсоннинг ҳаётида акс этадиган, фақат номинал кўрсаткичлар эмас, реал кўрсаткичларни ўзгартира оладиган иқтисодий ўсишга келиш. Бу, албатта, узвий равишда нархлар барқарорлигини таъминлаш билан боғлиқ.
Пулни исталганча чиқариш мумкин. Жуда кўп хорижий экспертлар буни «вертолётный деньги» дейишади. Пулни иқтисодиётга қўйиш мумкин. Лекин иқтисодиётнинг бу пулни ҳазм қила олиш қобилияти, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини инобатга олган ҳолда бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
— Охирги 3-4 йилда Ўзбекистон ташқи қарзи кескин ўсишда давом этяпти. Умуман, қўшимча эмиссия ва давлат қарзининг инфляцияга таъсири қандай?
— Биз инфляциянинг ташқи ва ички, умуман макроиқтисодий омилларга бўлган ялпи талабга таъсир этувчи омилларига эътибор қаратамиз. Қайси кўрсаткич ёки қайси бир параметр ялпи талаб ҳажми ошишига олиб келса, агар ялпи таклиф унга мутаносиб равишда ўсмайдиган бўлса, бу маълум бир маънода нархларга ёки қайсидир бозорларга босим келтириши мумкин.
Бугунги кунда ташқи қарз таркибига қарайдиган бўлсак, у асосан, инвестицион лойиҳаларга жалб қилиняпти. Келгусида бу ишлаб чиқариш ҳажми ошишига хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, жалб қилинаётган маблағлар ялпи талаб ҳажми ошишига ҳам таъсир қилиш эҳтимоли катта.
Шу нуқтайи назардан биз ялпи таклиф билан ялпи талаб ўртасидаги мувозанатли нуқтани топиш учун ҳаракат қиладиган чоралар нархлар барқарорлигига ҳам таъсир қилади.
Бевосита ялпи талабга мутаносиб равишда ялпи таклиф ҳажмлари ҳам ривожланадиган бўлса, бу таъсирлар камроқ даражада бўлиши мумкин. Буни баҳолаш учун кенг қамровли таҳлиллардан фойдаланишга тўғри келади.
— Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодий шароитида инфляция даражаси неча фоиз бўлса, нормал деб айтиш мумкин ва яқин йиллардаги прогнозлар қандай?
2019 йилда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. 2023 йилга бориб бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил этади. 2021 йил охиригача эса 10 фоиз, яъни бир хонали сонгача пасайиши кўзланган.
Умуман олганда, иқтисодиётимиз учун инфляция даражаси қандай бўлиши керак, деган савол жуда кўп таҳлилларни талаб қилади.
Биринчи навбатда, савдо ҳамкорларимиз ўртасидаги муносабатларда бўладиган улардаги инфляция даражасини инобатга олишимиз керак.
Агар асосий савдо ҳамкорларимизга эътибор берадиган бўлсак, Россияда инфляцион таргет 4 фоиз, Қозоғистонда 4-6 фоиз атрофида шаклланган. Хитойда эса 3 фоиз атрофида таргет кўрсаткичлари белгиланган.
Ташқи савдо операцияларига киришар эканмиз, албатта, бир давлатдаги инфляция кўрсаткичи юқори бўлса, экспорт салоҳияти ва умуман товарларнинг нисбатан қимматлигига олиб келади. Масалан, бизда инфляция даражаси юқорилиги товарларнинг нисбий устунлигини пасайтириши мумкин.
Иккинчидан, бугунги кунда таҳлилчилар томонидан иқтисодий ривожланишга халал бермайдиган кўрсаткичлар аниқ белгилаб берилган. Ривожланаётган давлатлар учун 4-5 фоизлик инфляция бўлиши иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини пасайтирмайди. Ривожланган давлатлар учун эса 2 фоиз атрофида деб олинади. Масалан, АҚШ, Япония ва Европа марказий банкларининг таргети 2 фоизлик инфляцияни таъминлашдан иборат.
Япония ёки Европа иттифоқида дефляция ҳам кузатилади. Дефляция улар учун ёмон. Негаки, бу инвестицион жараёнларни кечиктиришга олиб келади.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди,
Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024