Ўзбекистон | 21:07 / 04.05.2021
54352
9 дақиқада ўқилади

«Нега бунга йўл қўйилди?» — Жамоатчилик Тошкентда қизил байроқ кўтарилиши бўйича расмийлардан изоҳ сўрамоқда

Бу воқеага расмийлардан реакция бўлмаётгани даҳшатли, дейди олим Мубашшир Аҳмад. Ҳуқуқшунос Хуршид Ботиров эса бу байроқ носталгия уйғотиши эмас, СССРнинг жиноятларини эслатиши кераклигини айтмоқда.

Фото: Россотрудничество

1 май куни Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида, «Ғалаба қўшиқлари» концерти вақтида СССР байроғи кўтарилгани ўзбекистонликлар ўртасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бир қатор зиёлилар ва ижтимоий мулоқот тармоғи фойдаланувчилари воқеадан хавотир билдирган.

«Тошкентда қизил байроқ кўтарилишига расмийлардан реакция бўлмаётгани даҳшатли» — Мубашшир Аҳмад

I2Y3qSWh7UpBlf0FW-oYtC9AL0xoCBJa.jpg (800×450)

Воқеликни хавотир билан қарши олганлардан бири – таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад.

«1 май куни Тошкентда СССР байроғи кўтарилганини кўриб, жуда қаттиқ даҳшатга тушдим.

Карантин бўлишига қарамай, шунча одам тўпланган, бу бир томони, лекин шу тадбирда қизил байроқ кўтарилгани ҳаммасидан ўтиб тушди», – деди уламо Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

У СССР байроғи кўтарилишига масалан, Болтиқбўйи республикалари ёки умуман, мустақил давлатчилигини ҳурмат қилган бирор мамлакатда йўл қўйилмаслигини айтиб ўтди.

«Пойтахтимизда қизил байроқ кўтарилиши жуда қўрқинчли ва даҳшатли ҳодиса. Аммо бунга расмийлардан ҳеч ким реакция билдирмаётгани ундан-да даҳшатли.

Муносабатнинг иккинчи муқобили – одамларнинг эътироз билдириб намойишларга чиқишига эса қонунларимиз йўл қўймайди. Мен қўрқяпман, қўрқяпманки, бу келажакда каттароқ воқеаларга, қайтадан мустамлака бўлишимизга дебоча бўлмасин.

Украина ва Грузиянинг маълум қисмлари қандай эгаллаб олинганини яхши биласиз», – деди Мубашшир Аҳмад.

«Майдонда иттифоқ байроғининг ҳилпираши – сиёсий носталгия» — Абдураҳмон Ташанов

71fOBTIuW_YrUPMwcp4R7BxAys2m7FpS.jpg (800×500)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, сўз эркинлиги ва демократия парваришланиб борувчи мураккаб жараён.

«Уни мажозий маънода қақраб ётган даштга сув қуйишга ўхшатиш мумкин. Сув билан эса, аввало, ёввойи ўтлар кўкаради. Сўз эркинлиги жараёнида ҳам аввалига радикаллар, сиёсий экстремистлар ва псевдо-демократларнинг овози кўпроқ эшитилади.

Тошкентнинг Халқлар дўстлиги майдонида Россия Ташқи ишлар вазирлиги, «Россотрудничество»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Россия элчихонаси томонидан ташкил қилинган «Ғалаба қўшиқлари» номли концерт дастури давомида собиқ СССР байроғининг ҳилпирашига ҳам худди шу нуқтайи назардан қараш мумкин.

Хайриятки, жамоатчилигимиз орасида бу ҳолат ўта кескин қаршилик билан кутиб олинди. Ҳатто сиёсий партияларимиздан бири уни провокация ўлароқ баҳолаб, бош прокурордан нимадир қилишни талаб қилмоқда. Бу яхши, албатта.

Ҳолбуки, ҳар қандай чақириқ ва митинглар билан тарих ортга қайтмайди. Совет иттифоқининг мавқейини қайта тиклашнинг ўзи хомхаёлдир. Аммо ана шу акциялар орқали Кремлнинг бир ҳовуч шовинистлари тилидаги тушовларгина ечилади, шуниси ёмон», – деди Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, совет даврини қўмсаб қолиш, майдонда ўтмишнинг байроғини тиклашнинг сабаби сиёсий мақсадлардан кўра кўпроқ ижтимоий-иқтисодий истакларга бориб тақалади. Яъни собиқ иттифоқнинг «жаннатий ҳаёти»ни қўмсагувчиларнинг кўпчилиги – оғир тирикчилик ва коррупциядан безган одамлар.

«Мен бу ерда қандайдир сиёсий стратегияни кўрмаяпман. Аммо ана шу оломон ортида уни оловлантирувчи айрим тоифаларнинг ҳам бўлиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Сиёсий партия талаб қилганидек, байроқ кўтарганларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўриш масаласи бироз мураккабдир. Байроқдорлар ўз ҳаракатларини турлича талқин қилиши мумкин ва бу – демократия. Масалани сиёсийлаштириш эса кутилмаган нохуш вазиятларга олиб келиши мумкин.

Бу ердаги ягона хато ва уқувсизлик – ҳамма тадбирларга ҳам бирдек бағрикенг бўлмаган расмийларимизнинг ана шу хилдаги тадбирларга нисбатан хайрихоҳлигидир. Нияти ва мақсади аён бўлган тоифаларга шароит яратиш мени ҳайратга солди.

Лекин айтиш керакки, воқеалар ривожи қандай кечиши аниқ бўлмаган бу каби акциялар оломон зеҳниятида собиқ иттифоққа қайтиш носталгиясини қўзғатади ва бу ёмондир.

Агар расмийларимизнинг бу рўйхушлиги ортида шунчаки масъулиятсизлик эмас, балки Кремл ва унинг катта сиёсатдаги мавқейига нисбатан мойиллик бўлса, урди худо», – дея таъкидлади «Эзгулик» жамияти раиси.

«Миллийлигимиз ва давлатчилигимизни асраш, қўриқлаш билан боғлиқ омиллар бўйича ҳеч қачон иккиланмайлик» — Азамат Зиё

ЎзФА Тарих институти директори, сенатор Азамат Зиё ҳам воқелик юзасидан фикрларини билдирди.

«Давлат тили бўладими, бошқа масалаларми, тортишувлар бўлиши табиий. Бироқ бу миллий бирлигимиз сустлашди, дегани эмас.

Шу баҳона, юртдошларимизга айтар сўзимиз: талашайлик, тортишайлик, аммо бир масалада келишиб олайлик: миллийлигимиз ва давлатчилигимизни асраш, қўриқлаш билан боғлиқ омиллар бўйича ҳеч қачон иккиланмайлик», – дея ёзди у Facebook саҳифасида.

«Давлатчилигимизга зид ҳаракат» — Улуғбек Ҳамдам

Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Тошкентда қизил байроқ кўтарилиши ҳақида гапираркан, фикрларини Ўзбекистон мустақиллиги учун жуда узоқ ва машаққатли йўл босиб ўтилганидан бошлади.

«Қарийб 130 йил. Оқилган қонлар ичларга, юракларга тўлди. Аммо биз бу қонларнинг қадрига етадиган авлодни тарбиялай олдикми, ўзимиз шундай бўлиб етишдикми?.. Ҳамма гап мана шунда бўлиб турибди...

1 май куни «Халқлар дўстлиги» саройи қаршисида бегона байроқларнинг пайдо бўлишини Ўзбекистон давлатчилигига зид ҳаракат сифатида қаттиқ қоралайман.

Мен барча халқлар тинч-тотув яшаши тарафдориман, лекин бу дегани мустақил бир юртнинг она майдонларидан бирида ўтмишга айланган империянинг байроқлари ҳилпираши мумкин, дегани эмас», – деди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

«Халқимизнинг энг қора кунлари тимсоли бўлган байроқнинг яна пойтахтда ҳилпираши – ўта даражада шармандали ҳолат» — Бахтиёр Шоҳназар

«Биз фарзандларимизни мустақил юртнинг эркин фарзанди сифатида тарбиялашга ҳаракат қиляпмиз. Таълимда шунга интиляпмиз. Лекин пойтахтнинг қоқ марказида қора кунларимиз тамсили бўлган байроқ кўтарилиши шунча ҳаракатларимизга қарши кураш дегани-ку. Бу ўта даражада шармандали.

Нега масъуллар бунга йўл қўйиб берди? Нега бунга йўл қўйганлар ҳамон сукут сақламоқда?

Иккинчидан, ҳозир пандемия даври. Тадбир суратларида иштирокчиларнинг кўпчилиги ниқобсиз эканини кўриш мумкин. Бу минглаб, балки миллионлаб одамлар саломатлигини хавф остига қўйишдир. Қани кучайтирилган карантин тартиби?» – дейди адвокат ва мустақил журналист Бахтиёр Шоҳназар.

«Байроқ одамлар онгига таъсир ўтказмайди, деб ўйлаш камида хато, бўлмаса кўрликдир» — Хуршид Ботиров

Ҳуқуқшунос Хуршид Ботиров Twitter'даги саҳифасида собиқ СССР байроғи бугун тарихий белги эмас, балки одамлар онгида СССРни эслатувчи, уни улуғловчи сиёсий қуролга айланаётгани ҳақида ёзди.

«Собиқ иттифоқ байроғи – империализм ғояси ўтида СССРни улуғловчиларнинг бизга бераётган сигнали. Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида бу воқеа таҳдид деб қаралмоғи зарур.

Байроқ одамлар онгига таъсир ўтказмайди, деб ўйлаш камида хато, бўлмаса кўрлик. Ҳозир ҳам шу байроқнинг кўтарилиши одамларни иккига бўляпти.

Собиқ қизил империя миллионлаб одамларни қатағон қилгани, бегуноҳ одамлар, халқларни сургунлик ва очликка маҳкум этгани ва шу сабаб бегуноҳ одамларнинг қонига ботганини асло унутмаслигимиз керак.

Умуман, онги ва шуури қул бўлмаган одамда бу байроқ СССРнинг қилган жиноятларини эслатиши керак, носталгияни эмас», – деб ёзди у.

***

Эслатиб ўтамиз, 1 май кунги концертни Россия ТИВнинг Россотрудничество агентлиги ўтказган бўлиб, агентлик пресс-релизида тадбирни Ўзбекистон ҳукумати қўллаб-қувватлагани айтилади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги 3 май куни берган баёнотида вазирлик концерт дастурининг Ўзбекистонда ўтказилишида ҳамкор экани ва «фақат саҳнадаги жараёнларга жавобгарликни ўз зиммасига олганини» билдирди.

Kun.uz'га ҳукуматдаги манбалар орқали етиб келган маълумотга кўра, тадбир учун Ўзбекистон ҳукуматидан розилик олинишига Россия Федерацияси халқ артисти Михаил Турецкийнинг Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга ёзган хати асос бўлган.

Kun.uz'даги маълумотга кўра, бош вазир Абдулла Арипов тадбирни ўтказишга розилик билдириб, уни ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги қатор мутасаддиларга топшириқ берган.

«Таклифга розилик берилсин. Маданий тадбирни 2021 йил 1 май куни Халқлар дўстлиги санъат саройининг олд майдонида санитария-эпидемиология ҳамда жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этишингизни сўрайман», – дея топшириқ берган бош вазир Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Миллий гвардия раҳбарларига.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид