Жаҳон | 21:38
753
2 дақиқада ўқилади

Россия ва «Толибон» ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича келишувга эришди

Бундай келишувлар доирасида томонлар бир-бирига қурол-яроғ, лицензиялар, ҳарбий технологиялар беради ва қўшма ишланмалар олиб бориши мумкин.

Фото: Global Look Press/Khaibar Akbari

Россия ва Афғонистоннинг «Толибон» ҳукумати 27 май куни Москва вилоятидаги форумда ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади.

«Одатда, бундай келишувлар доирасида томонлар бир-бирига қурол-яроғ, лицензиялар, ҳарбий технологиялар беради ва қўшма ишланмалар олиб боради», деб ёзди «Важные истории» бу ҳақда.

27 май куни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Афғонистон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашди.

Россия 2021 йилда Афғонистондаги «Толибон» ҳукуматини тан олган биринчи давлат бўлган эди. Ҳаракат вакиллари АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этганидан кейин ҳокимиятга келди.

Россия «Толибон» билан ҳамкорликдаги чекловларни босқичма-босқич олиб ташламоқда, уни Марказий Осиёда хавфсизлик, ИШИДга қарши кураш ва минтақавий барқарорлик бўйича ҳамкор сифатида кўрмоқда. 2025 йилда Россияда ушбу ҳаракатнинг террорчилик мақоми тўхтатилган эди.

Россия узоқ вақтдан бери толиблар билан мулоқот олиб бормоқда, гуманитар ёрдам етказиб бермоқда ва иқтисодий алоқаларни ривожлантирмоқда, энди эса янада амалий ҳарбий-техник ҳамкорликка ўтмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид