Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳокимликнинг унут бўлган ваъдаси: Серҳаракатнинг сувга зор, йўлга муҳтож одамлари қисмати
Kun.uz мухбири таҳририятга келиб тушган мурожаатга асосан Сурхондарё вилояти Узун туманининг Серҳаракат маҳалласида бўлди. У ердаги одамлар билан суҳбатлашиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди.
2017 йилда президент ташаббуси билан оилаларни камбағалликдан чиқариб, турмуш шароитини яхшилаш, уй-жойга муҳтож фуқароларга ер ажратиб бериш ҳаракати бошланган эди.
Узун туман ҳокимлиги ҳам ушбу ташаббуснинг ижросини таъминлаш учун Боботоғ этакларидаги Серҳаракат маҳалласидан 300дан ошиқ кам таъминланган, уй-жойга муҳтож оилаларга 4 сотихдан ер ажратиб берди.
Аммо шароитнинг оғирлиги, сув, йўл, мактабнинг йўқлиги сабаб 200дан ошиқ оила Серҳаракатга кўчиб келмади. 70га яқин оила эса сувсиз, йўлсиз даштга мажбурликдан кўчиб келиб яшамоқда.
Аҳолининг сўзларига кўра, Узун туман ҳокимлиги масъуллари уй-жойга муҳтож оилаларни бу ҳудудга кўчириб келишдан олдин сув, йўл, мактаб, боғча каби инфратузилма объектлари муаммоларини бир йил ичида ҳал қилиб беришга ваъда қилган. Аммо, орадан 5 йил ҳам ўтибдики, одамларнинг яшаши учун зарур бўлган сув ва йўл масаласи ўз ечимини топгани йўқ.
Аслида, бу хайрли ишдан кўзланган мақсад — оилаларни ҳаётини яхшилаш, даромадини ошириш эди. Аммо бугунги кунда бу ерга кўчиб келган оилаларнинг аҳволи аввалгидан-да оғир, олдингидан-да ночор. Аҳоли сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, қурилиш қилиш учун 5 тонна сувни 70-80 минг сўмга сотиб олмоқда.
Пул топишга қийналган фуқаролар 2 км масофадан челаклаб сув ташийди. Экинларни суғориш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Кўчиб келганига беш йил бўлиб қолган одамларнинг ҳовлисида ҳам соя бўларлик дарахт топилмайди. Чунки ниҳоллар сув танқислиги сабаб униб-ўсмайди, жазирамада қуриб, қовжираб қолаверади. Аҳоли шундай бўлса ҳам ҳар йили яхши ниятлар билан ҳовлиси, томорқаси четига мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишни канда қилмайди. Бироқ томорқадаги экинлар аллақачон сувсизликдан қуриб, сарғая бошлаган.
Маҳалланинг бу қисмида йўлнинг ўзи йўқ. Машинангизни кимнингдир ҳовлисидан, кимнингдир томорқасидан бошқариб маҳаллани бемалол айланиб чиқсангиз бўлади. Йўлга қадам боссангиз тўпиғингизгача тупроққа ботасиз. Қишда эса лой оралашга мажбур бўласиз.
Серҳаракат маҳалласининг бир қисмида фуқаролар ўзлари симёғоч ўрнатишган. Улар ҳам ёнбошлаб ётибди. Баъзи катта кучланишли симёғочлар намгарчилик сабаб ўзи ёниб, ўзи ўчган. Аҳоли бу ҳолатдан туман «Электр тармоқлари корхонаси» ходимлари хабардорлигини, ёниб кетган, ёнбошлаган симёғочларни кўриб, далолатномалар тузиб кетганини таъкидлайди.
Серҳаракат ва Мустақиллик маҳаллаларини боғловчи кўприк аввалги йилларда келган сел тошқинлари сабаб емирилиб бошлаганини кузатдик. Йўлларни сел ювиб кетган.
Одам қадами етган манзилга аслида файз киради. Аммо бу манзилда яшовчи аҳолининг оҳи ҳам, зори ҳам ҳеч қаерга етиб бормайди.
Сирожиддин Мамажонов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
15:21 / 03.06.2026
Гувоҳномаси йўқ икки йигитчанинг пойгаси ўлимлар билан тугади
18:30 / 08.01.2026
Сурхондарёда қўйларига ҳужум қилган бўрини ўлдирган шахс жаримага тортилди
10:22 / 13.12.2025
Ноҳақ судланган сурхондарёлик ёлғиз онанинг иши қайта кўриб чиқилади
11:05 / 12.12.2025