Фан-техника | 22:51 / 05.05.2021
38734
2 дақиқада ўқилади

Жефф Безос компанияси космосга парвоз қилиш чиптасини онлайн-аукционга қўйди

2018 йилда Reuters манбалари New Shеpard кемасида парвоз қилиш нархи 200 минг доллардан 300 минг долларгача бўлишини ва нарх компаниянинг рақобатчиси бўлган миллиардер Ричард Брэнсоннинг Virgin Galactic компанияси режаларидан келиб чиқиб белгиланишини айтишганди.

Amazon асосчиси Жефф Безоснинг Blue Origin хусусий космик компанияси New Shepard космик кемасида парвоз қилиш чиптасини онлайн-аукционга қўйди. Бу ҳақда компания сайтида айтилмоқда.

«20 июл куни New Shepard космосга космонавтларнинг биринчи экипажини жўнатади. Онлайн-аукцион ғолибига биринчи рейс учун битта ўрин таклиф этамиз», — дейилади хабарда.

5 майдан 19 майгача бўлиб ўтадиган биринчи босқичда барча хоҳловчилар Blue Origin сайтида ўзлари истаган нархни таклиф этиши мумкин. Таклиф этилган баҳолар кўрсатилмайди.

19 май куни ўтказиладиган иккинчи босқич онлайн-савдо кўринишида бўлади – барча таклиф этилган нархлар кўриниб туради, иштирокчилар эса энг юқори нархдан баландроқ нархни таклиф этиши лозим. Онлайн-аукционнинг 12 июнда бўлиб ўтадиган учинчи босқичида ягона ғолиб аниқланади.

Чипта учун тўланган пул Blue Origin ташкил этган Club for the Future фондига ўтказилади. Фонднинг мақсади ёшларнинг фан, технология, инженерия ва математика соҳаларига қизиқишини ошириш ҳамда космосдаги ҳаёт ғоясини ривожлантиришдан иборат. 

2018 йилда Reuters манбалари New Shеpard кемасида парвоз қилиш нархи 200 минг доллардан 300 минг долларгача бўлишини ва нарх компаниянинг рақобатчиси бўлган миллиардер Ричард Брэнсоннинг Virgin Galactic компанияси режаларидан келиб чиқиб белгиланишини айтишганди. 

New Shepard ташувчи ракетаси олти нафар йўловчини Ердан 100 км баландликка олиб чиқишга мўлжалланган (таққослаш учун, ХКС орбитаси ўртача 420 км баландликда).  

Илон Маскнинг SpaceX компанияси октябрда 540 км баландликка парвоз амалга оширишни режалаштирган, аммо бу 15 сентябрда амалга ошиши мумкин, деб хабар берган The New York Times. Миссиядан америкалик миллиардер ва филантроп Жаред Айзекман ҳамда парвоз қилишлари учун у пул тўлаган яна уч киши ўрин олган.

Мавзуга оид